
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш, жамиятда адолат ва очиқликни таъминлаш борасида босқичма-босқич тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бу соҳага доир қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга хизмат қилмоқда.
Шуни инобатга олиб, “Микрокредитбанк” АТБ Бошқарув раисининг 2025 йил 30-сентабрдаги Ф-50-сонли фармойишига асосан, “Микрокредитбанк”да ҳар ойнинг иккинчи чоршанбаси “Коррупцияга қарши кураш куни” сифатида белгиланди.
Бу ходимлар ўртасида коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ва банкнинг ички меъёрий ҳужжатларини ўрганиш орқали билим ҳамда масъулиятни янада ошириш, коррупсион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ушбу кун доирасида амалдаги миллий ва халқаро қонунчилик юзасидан таҳлиллар, семинар-тренинглар, коррупцияга оид мавжуд хатарларни бартараф этиш бўйича очиқ мулоқотлар, банкда ҳалоллик, масъулият ва шаффофликни таъминлашга қаратилган маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Коррупция - ривожланишга тўсиқ. Уни енгиш - фақат қонун билан эмас, балки онг ва виждон билан ҳам амалга оширилади!
Барча ходимларни “Коррупцияга қарши кураш куни”да фаол қатнашиш, шахсий масъулиятини ҳис этиш, банк ва жамият манфаатларини биринчи ўринга қўйишга чақириб қоламиз!


















