
Халқимизда “Ер битмас хазина, деҳқон хазинабон” дея бежиз айтилмаган. Бугун мамлакатимизда ишсиз аҳоли вакилларига ишлаб даромад топиш, моддий манфаат кўриш учун экин ерларини 30 йил муддатга ижарага бериш тартиби жорий қилингани ўзини тўла-тўкис оқламоқда.
Президентимизнинг “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликлари улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари амалий натижаларни бермоқда.

Микрокредитбанк ҳам “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ташкил этилган лойиҳаларда фаол қатнашиб, томорқа ер эгалари, деҳқон хўжаликларини моддий қўллаб-қувватламоқда.

Улардан бири Самарқанд вилояти, Булунғур тумани, Зарафшон маҳалласидаги 10 гектар майдонда булғор қалампири етиштириш бўйича янги лойиҳа йўлга қўйилганидир.
Мазкур ҳудуд 59 нафар деҳқон хўжалиги ўртасида тақсимланиб, ҳар бир иштирокчига 10 сотихдан ер берилган. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳадан жами 100 тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. Бу эса бир деҳқоннинг ўртача 34 миллион сўмгача даромад олиши мумкинлигини англатади.

“Мана кўряпсиз — ким ишлайман деса, имконият бор. Шаҳарда яшайсизми ёки чекка қишлоқда, ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва имкониятидан келиб чиқиб яхши даромад топиш мумкин. Фақатгина сабр, меҳнат ва ҳаракат керак” – дейди лойиҳа доирасида булғор қалампири етиштиришни йўлга қўйган деҳқонлардан бири.
Микрокредитбанк томонидан амалга оширилаётган “Бир контур — бир маҳсулот” лойиҳаси нафақат деҳқонларни қўллаб-қувватлаш, балки ҳудудлардаги иқтисодий фаолликни оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Банк Ахборот хизмати


















