Микрокредитбанк акциядорлик-тижорат банки томонидан 2023 йил давомида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисидаги маълумот

Банкнинг 2025 йилгача ривожлантириш стратегияси бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижросининг таъминланиши натижасида 2023 йилда қуйидаги ижобий кўрсаткичларга эришилди. 

Жумладан:

банк капитали қарийб 4 трлн. сўмга; 
умумий активлар 12 фоизга ошиб, 19 трлн. сўмга; 
кредит портфелининг 1,5 трлн.сўмга ошишига эришилди;
банкдаги умумий депозитлар қолдиғи 6,3 трлн.сўмга етган ҳолда 2023 йилда 900 млрд.сўмлик қўшимча маблағ жалб қилинди.

Ҳисобот даврида банк томонидан, АҚШ, Европа, Япония, Саудия Арабистони ҳамда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи молия институтлари билан тузилган 12 та шартномага асосан 250,2 млн.доллар миқдордаги маблағлар жалб қилинди. 

Жалб қилинган ресурслар ҳисобидан барча молиялаштириш манбалари бўйича ўтган йилда 184 427 нафар мижозга 5,1 трлн. сўм кредит ажратилиб, қарийб 99 169 та янги иш ўринлари яратилди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2023 йилда 4,4 трлн.сўм (1,8 трлн.сўм банк кредити) қийматдаги 859 та лойиҳалар ишга туширилди ва натижада 11 897 та янги иш ўринлари яратилди.

Банкка бириктирилган паррандачилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 152 млрд. сўм кредитлар ажратилиб, 279 та паррандачилик корхоналари (йиллик 1 571 млн.дона тухум, 68 367 тонна гўшт, 241 460 тонна озуқа-ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати яратилди, 1 305 та янги иш ўринлари яратилди) фаолиятининг узлуксизлиги таъминланди. 

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳисобот даврида 1,7 трлн.сўм кредитлар ажратилиб, 91 903 та янги иш ўринлари яратилган. 

Ажратилган кредитлар ҳисобига:
20 211  нафар ёшлар;
21 200  нафар хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш;
37 430  нафар фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилиш;
9 164  нафар ижтимоий дафтарлардаги аҳолининг бандлиги таъминланди.

Умумий ҳисобда банкнинг молиявий кўмаги ҳисобига 2023 йилда 10 942 та янги тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлди.

Банкда кредитлар ажратиш билан бирга, аввал ажратилган кредитларнинг қайтарилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, кредит шартномаларига асосан 2023 йилда қайтарилиши лозим бўлган 4,4 трлн. сўм кредит тўловлари ундирилди, шундан 1,6 трлн. сўми оилавий тадбиркорлик йўналишида ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги ПҚ-5088 сонли қарори ижросини таъминлаш ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021-2023 йилларда 75 нафар ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларига 37,2 млрд. сўм ва 3,5 млн. АҚШ доллар банк кредитлари ажратилиб, 730 та янги иш ўринлари яратилди.

Банк трансформация жараёнлари натижасида 2023 йилда хизмат нуқталари сони 574 тага, хизмат турлари сони 102 тага, банкоматлар сони 829 тага етказилиб, электрон навбат тизими қамрови 98 фоизга оширилиши натижасида банкимиз томонидан йил давомида 2 млн.дан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатилди. 

Шунингдек:

жисмоний шахсларга масофавий хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин оширилди;

кредитлаш тизими автоматлаштирилиб, кредит ажратиш жараёнида инсон омили иштироки камайтирилди, автоматлаштирилган кредитлар тури ҳамда сони ортган;

банкда назорат блоки, молиявий бошқарув ҳамда рискларни бошқариш тизими такмоллаштирилди, “Green banking” йўналиши жорий қилинди, KPI рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди, алоқа марказида консалтинг хизматлари жорий этилди.

жисмоний шахслар учун “Mavrid” янги мобил иловаси, мижозбай ишлаш учун CRM, скоринг, кредит конвеери тизимлари жорий қилинди, ҳудудий бўлинмалар Ягона МФОга ўтказилди.

Банкда амалга оширилган рақамлаштириш ҳамда трансформация чора-тадбирларида инсон омилисиз кўрсатиладиган банк хизматларидан онлайн фойдаланувчи жисмоний шахслар улуши 56 фоизга, тадбиркорлар улуши 77 фоизга ошди ҳамда онлайн транзакциялар ҳажми 1,1 трлн. сўмга етди.

Микрокредитбанк келгусида ҳам аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига замонавий, сифатли банк хизматларини доимий равишда кўрсатилишини таъминлайди.