Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармонининг 2-иловаси сифатида тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2.253, 2.254 ва 2.310-бандларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан
 МАЪЛУМОТ

I. 2.253-бандида хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан бир қатор топшириқлар белгилаб берилган. Банк томонидан хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш, жумладан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг ўтган 11 ойи давомида 40 600 та хотин-қизларнинг тадбиркорликнинг турли йўналишдаги лойиҳаларини молиялаштириш бўйича банк томонидан зарурий чоралар кўрилган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 805,8 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобига 41 207 нафар аёллар бандлиги таъминланди. Мазкур ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобига ҳудудларда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, тикувчилик, паррандачилик, иссиқхона, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, асаларичилик, қуёнчилик, ҳунармандчилик, ўзини ўзи банд қилиш ҳамда бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга пухта замин яратилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, жумладан, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда банк томонидан зарурий чоралар кўриб борилади. 

II. 2.254-бандида “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш белгиланган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитларни, устувор равишда “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга йўналтириш, ушбу дафтарга киритилган хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишдан олдин уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва бизнес лойиҳаларини тайёрлашга кўмаклашиш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, хотин-қизларни ишга жалб қилган ҳолда кооперация усулида тадбиркорликни йўлга қўйиш юзасидан банк томонидан назорат ўрнатилган. Жумладан, “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичида дафтарга киритилган, тадбиркорлик истагида бўлган 9 397 нафар хотин-қизларга жори йилда банк филиаллари томонидан 107,5 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилди. 

III. 2.310-бандида ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланган. Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, жумладан, ҳунармандчилик фаолияти субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш орқали янги иш ўринларини ташкил этишда банк томонидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жорий йил бошидан бугунги кунга қадар ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун 1 154 та ҳолатда 37,0 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шундан 26,5 млрд сўми “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган 468 нафар ҳунарманд тадбиркорларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида Фармонда белгиланган вазифалар ижроси тизимли равишда давом эттирилади. 

Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини 1,5-2 бараварга ошириш бўйича банк томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

 Хусусан, паррандачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 234 та паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 569.8 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. 

Натижада, йилига 1,4 млрд. дона тухум, 50,5 минг тонна парранда гўшти ва 259,0 минг тонна паррандалар учун озуқа ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.

 А.Хамидов 

 Банк раисининг биринчи ўринбосари