Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармонининг 2-иловаси сифатида тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2.148, 2.253, 2.254 ва 2.310-бандларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан

МАЪЛУМОТ

Фармоннинг 2-иловаси 148-бандига асосан чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини 1,5-2 бараварга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган.

Хусусан, паррандачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 250 та паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 659.9 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Натижада, йилига 1,4 млрд. дона тухум, 51,9 минг тонна парранда гўшти ва 259,0 минг тонна паррандалар учун озуқа ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.

2.253-бандида хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан бир қатор топшириқлар белгилаб берилган.

Банк томонидан хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш, жумладан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, 2022 йилнинг ўтган даври давомида 44 073 нафар хотин-қизларнинг тадбиркорликнинг турли йўналишдаги лойиҳаларини молиялаштириш бўйича банк томонидан зарурий чоралар кўрилган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 872,0 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобига 44 715 нафар аёллар бандлиги таъминланди.

Мазкур ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобига ҳудудларда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, тикувчилик, паррандачилик, иссиқхона, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, асаларичилик, қуёнчилик, ҳунармандчилик, ўзини ўзи банд қилиш ҳамда бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга пухта замин яратилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, жумладан, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда банк томонидан зарурий чоралар кўриб борилади.

2.254-бандида “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш белгиланган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитларни, устувор равишда “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга йўналтириш, ушбу дафтарга киритилган хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишдан олдин уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва бизнес лойиҳаларини тайёрлашга кўмаклашиш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, хотин-қизларни ишга жалб қилган ҳолда кооперация усулида тадбиркорликни йўлга қўйиш юзасидан банк томонидан назорат ўрнатилган.

Жумладан, “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичида дафтарга киритилган, тадбиркорлик истагида бўлган 9 687 нафар хотин-қизларга жорий йилда банк филиаллари томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратиш ҳисобига улар тадбиркорлик қилишга йўналтирилди.

2.310-бандида ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланган.

Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, жумладан, ҳунармандчилик фаолияти субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш орқали янги иш ўринларини ташкил этишда банк томонидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жорий йил бошидан бугунги кунга қадар ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун 1 400 та ҳолатда 44,2 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шундан 30,6 млрд сўми “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган 518 нафар ҳунарманд тадбиркорларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида Фармонда белгиланган вазифалар ижроси тизимли равишда давом эттирилади.

A.Хамидов
Банк Раисининг биринчи ўринбосари