Хабарингиз бор, бугун, 22 август куни Президент Шавкат Мирзиёйевнинг мамлакат тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқотда давомида давлатимиз раҳбари тегишли фармон билан тақдирланган бир қатор тадбиркорларга давлат мукофотларини топширди. Шунингдек, яна кўплаб тадбиркорларга «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» орденлари ва «Шуҳрат» медали тақдим этилди.

Давлатимиз раҳбари соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдирди.

2023 йил 1 январдан бошлаб микро-бизнес учун ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Биринчи йўналиш – корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилаш.

Бунда, корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади. Булар:

  • 1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес;

  • 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес;

  • 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.

Шундан келиб чиқиб 2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади.

Ёки улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим етиш мажбуриятидан озод этилади.

Иккинчи тоифа, яъни айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди.

"Ушбу имкониятлар 370 минг тадбиркорга енгилликлар яратади ва уларга жуда катта стимул беради", деди давлатимиз раҳбари.

2023 йил 1 январдан кичикдан ўрта бизнесга ўтганлар фойда солиғининг фақат 50%ни тўлайди.

Президент тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага йетказиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун, 2023 йил 1 январдан:

  • кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;

  • мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;

  • соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;

  • давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз);

  • 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширилади.

Очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес учун энг муаммоли масалалардан бири қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайтариш билан боғлиқлиги таъкидланди.

Президент 2021 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, қўшилган қиймат солиғи ставкасини янада туширишга ваъда берган эди.

"Очиқ айтишим керак, “иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик”, деб таклиф берганлар ҳам бўлди.

Лекин сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз!" - деди Шавкат Мирзиёйев.

Тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечилади.

Жорий йил 1 июлдан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва йер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган эди.

Лекин аввал ошириб ҳисобланган солиқлар нима бўлади, деган савол 19 минг тадбиркорни безовта қилмоқда ва бу бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

"Шуларни инобатга олиб, тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечсак, нима дейсизлар?", - дея тадбиркорларга мурожаат қилди давлатимиз раҳбари.

Президент илгари сурган иккинчи ташаббус – тадбиркорларимиз фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратишдир. Бу борада кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилади.

Учинчи йўналиш ҳақида сўз юритар екан, Президент кредит бериш масаланинг фақатгина бир томони экани, бизнес юриб кетиши учун етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор кераклигини алоҳида қайд этди.

Шу сабабли, энг аввало, туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этилади.

Ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади

Тўртинчи йўналиш - тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласидир.

Бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилади.

"Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳокимларнинг эътиборини бир масалага қаратмоқчиман – мулк ҳуқуқига оид қарорларни улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмайди", - деди Шавкат Мирзиёев.

Яъни ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин бўлади.

Тадбиркор мол-мулкини хатлаб қўйиш эндиликда суд томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган яна бир амалиёт – тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйиш билан боғлиқ. Мисол учун, ўтган 3 йилда терговчилар томонидан аниқланган зарардан икки баробар кўп мол-мулк хатланган (1,5 триллион сўм).

Энди, ҳар бир хатловнинг асосли экани суд томонидан кўриб чиқилади, қарорни фақат суд қабул қилади.

"Ўйлайманки, шундагина адолат бўлади", - деди давлатимиз раҳбари.

Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий етишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади.

Бешинчи йўналиш тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари билан боғлиқ. Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий етишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади. Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланилмайди.

Президентимиз таъкидлаганидек, кичик бизнес вакиллари томонидан солиқ текширувлари билан боғлиқ жарималарнинг тури кўплиги ва оғирлиги масаласи бўйича жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

Мисол учун, бугунги кунда айланмадан солиқ тўлаётган 370 мингдан зиёд кичик тадбиркорларнинг солиқ бўйича ўртача ойлик тўлови 1 миллион сўм атрофида.

Лекин, касса чеки бермагани учун 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий, шунингдек, 3 миллиондан 12 миллион сўмгача маъмурий жарима солинади.

Яъни кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил.

Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди

Умуман, савдо соҳасида фаолият кўрсатадиган тадбиркорларимизни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо ҳам ечилади, яъни савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади (Жиноят кодексининг 189-моддаси).

Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф етишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади.

Жарималар миқдори ҳам тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги керак.

“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этилади.

"Бизда қурувчи, маданият, таълим каби соҳа вакиллари учун фахрий унвонлар мавжуд.

Лекин Янги Ўзбекистон пойдеворини яратишга энг катта ҳисса қўшиб келаётган заҳматкаш тадбиркорларнинг эътибордан четда қолгани адолатдан емас.

Шу боис, кўп иш ўринлари яратган, бизнеснинг янги йўналишларини йўлга қўйган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган ва ел-юрт орасида обрў топган бизнес вакилларини муносиб эътироф этиш учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этишни таклиф қиламан", деди Президент очиқ мулоқотда.

Савдо-саноат палатаси Ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади

Президент Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолияти ҳам тубдан ўзгаришини айтди. Бундан буён, улар:

  • туман, шаҳар тадбиркорларини бирлаштириб, уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни аниқлаш билан амалда шуғулланади;

  • ҳар бир туман ва шаҳарда илғор методикалар асосида бизнесга ўқитиш мактабларини ташкил қилади;

  • ҳоким ва бошқа ҳудудий раҳбарларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатига эга бўлади;

  • маҳаллий Кенгаш ва ҳокимлар билан ҳар ой камида икки марта танқидий муҳокамаларни ўтказади.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасининг ўзига ҳам:

  • Ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш;

  • тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш ваколатлари берилади.

Савдо-саноат палатаси Ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади.

Юқорида айтилган барча таклифларни амалга ошириш учун Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилади.

Президент Администрацияси раҳбарига икки ҳафта муддатда ушбу кенгаш ишини ташкил қилиш топширилди.

Шундан сўнг, Президентимиз сўзини якунлаб, тадбиркорлар билан фикр алмашди, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади.