
Маълумки, “Микрокредитбанк” юртимизда кичик бизнес, хусусий ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандчилик ҳамда касаначиликни қўллаб-қувватлаш йўли билан янги иш ўринларини яратиш, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламини микромолиявий хизматлардан тўлақонли фойдаланишига замин яратиш борасида ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Мисол учун, банк томонидан жалб қилинган ресурслар ҳамда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жорий йилда халқ хўжалигининг барча тармоқларига 7 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди.
Шундан 1,9 трлн. сўми инвестиция лойиҳалари, 2,4 трлн. сўми оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури, 1,9 трлн. сўми кичик бизнес субъектларига, 1,5 трлн. сўми микромолия лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди.
Aмалга оширилган чора-тадбирлар ва ажратилган кредитлар натижасида банкка бириктирилган 1 230 та маҳаллаларда уларнинг ривожланиш драйверларига асосан жами 232,7 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди, уларнинг 113,7 минг нафари доимий ишга жойлаштирилди.
Банк томонидан жорий йилда халқаро молия институтларидан 124 млн долл. ресурс олиб келинди, 1,1 трлн. сўм депозит, шундан аҳолидан 609 млрд. сўм омонат жалб қилинди.
Жорий йилда банк томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини даромадли қилиш борасида ҳам бир қанча ижобий натижаларга эришилди.
Мисол учун, банк мижози “Қўшкўпир парранда” корхонаси кооперация усулида 950 та хонадонга жўжа озуқасини тарқатиб, паррандани кафолатли сотиб олишни йўлга қўйди.
Ёки яна бир банк мижози Самарқанд вилоятидаги “Етти хазина” корхонасида ҳам кооперация усулида мингта хонадонда худди шундай тизим асосида тухум етиштириш йўлга қўйилди.
Шунингдек, Микрокредитбанк Жондор туманида “Микросаноат маркази”ни ташкил этди ва авваллари уйларида мебел ясаган 47 нафар тадбиркор ҳам сармоя киритиб, саноат усулида ишлаб чиқаришга ўтди. Натижада, битта маҳалланинг ўзида 205 та иш ўрни яратилди.
Янги 2025 йилда ҳам бу каби ижобий ишларни давом эттирган ҳолда, маҳаллаларга кириб, аҳоли ва тадбиркорларимизни рози қилиш мақсадида, бошлаган ишлар янги босқичга олиб чиқилади.
Бунинг учун барча манбалар ҳисобидан 7,7 трлн. сўмлик кредитлар ажратиш, халқаро молия институтларидан 260,0 млн. долл. маблағ жалб қилиш режалаштирилган.
Кредит маблағларининг асосий қисмини, яъни камида 50 фоизини кичик бизнес субъектларига ажратилиши кўзда тутилган.
Келгуси йилда ҳам давлатимиз иқтисодиётига инвестиция олиб келиб, ҳам янги иш ўринлари яратадиган стартап лойиҳаларини кўплаб амалга ошириш ва венчур компанияларини очиш режалаштирилган.
Бунинг учун банк томонидан хорижий молия институтларидан маблағ жалб қилиш бўйича доимий ишчи гуруҳ тузилди, улар ёрдамида хорижий банклар билан тизимли ишлар ташкил қилган ҳолда чет элда “roud-shoular” ўтказилади, Евробонд чиқарилади, банк рейтингини яхшилаш ва халқаро стандартларга мослаштириш чоралари кўрилади.
Aсосийси, келгуси йилда барча имкониятларни ишга солиш орқали 320 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади, уларнинг 131 минг нафари доимий ишларга жойлаштирилади, 189 минг нафари тадбиркорликка жалб этилади.
Бунда “Сайхунобод”, “Уйчи”, “Зарбдор” ҳамда “Ғиждувон” тажрибаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Банкка бириктирилган Бухоро вилоятидаги бошланган ишлар давом эттирилиб, ҳудуддаги барча иқтисодий идоралар ва ҳокимликлар билан биргаликда 215 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш ишлари мувофиқлаштириб борилади.
Хусусан, аҳолига ажратилган кам даромадли экин майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида, уларни йирик контурларга бирлаштириб “лидер тадбиркорларга” иккиламчи ижарага бериб “Бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида, кооперация усулида маҳсулотлар етиштириш ташкил қилинади.
2025 йилда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида - 375,5 млрд. сўм, кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида - 390,5 млрд. сўм ва “Бизнесга биринчи қадам” кредит маҳсулоти бўйича - 200,0 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш доирасидаги чора-тадбирларни давом эттирган ҳолда аҳолининг:
90 минг нафари дастур асосида камбағалликдан чиқарилади;
60 минг нафарининг барқарор бандлиги таъминланиб, юқори даромад топишга эришилади;
8,2 минг нафари таълим олиш ва касб-ҳунарга ўқитилади;
6,3 минг нафари учун маҳалла инфратузилмаси яхшиланади;
1,5 минг нафарининг яшаш шароити яхшиланади.
Бундан ташқари, 55 та танлаб олинган, оғир тоифадаги маҳаллаларда тадбиркорликни, деҳқончиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида, улардаги суғориш тизими, электр таъминоти ва интернет сифатини яхшилашга жами 164,1 млрд. сўм сарфланади.
Aмалга ошириладиган ишлар натижасида Бухоро вилоятида 2025 йил якунида камбағаллик даражаси 5,4 фоизга, ишсизлик даражаси 4,7 фоизга тушишига эришилади.
Шунингдек, банкка бириктирилган паррандачилик соҳасини ривожлантириш, уларнинг мавжуд қувватларидан тўлиқ фойдаланиш ва бу соҳадаги лойиҳа ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун 2025 йилда 625,0 млрд. сўм ва 25,0 млн. долл миқдорида кредитлар ажратилади.
Бундан ташқари, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида замонавий парранда гўштини чуқур қайта ишлаш комплекслари, Сайхунобод тумани ва Хоразм вилоятида парранда наслчилик корхонаси ташкил этилади.
Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида гўшт йўналишидаги йирик паррандачилик лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига ушбу вилоятларда парранда бош сони 1,0 млн. бошга етказилади.
Халқаро консалтинг компанияларини жалб қилиш орқали паррандачилик соҳасини 2025-2027 йилларда ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.
Паррандачилик соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштириш, таҳлил қилиш ва кузатув мезонлари назарда тутилган электрон ахборот дастури ишга туширилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, келгуси йилда банк томонидан режалаштирган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича 124 та банк бўлинма раҳбарлари ҳудудлардаги туман ва шаҳар ҳокимлари билан ҳар бир маҳаллада 4 та тажрибани кенгайтириб, аҳоли даромадини ошириш бўйича шартнома тузади.
Шартномада маҳаллалар номи аниқ кўрсатилади, лойиҳа ишлаб чиқиш, кредит ажратиш, аҳолини банд қилиш бўйича банк раҳбарларига ойма-ой KPI белгиланади.
Aҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида келгуси йилдан ҳар 3-4 та маҳаллага 1 тадан “маҳаллабай банкири” лавозими ташкил этилади.
Маҳалла банкирлари маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганиб, аҳолининг бизнес лойиҳалари тўлиқ ишга тушишига кўмакчи бўлади, бундан ташқари, у ўзига хонадонларни яхши биладиган ёрдамчи агент ёллайди.
Маҳалла банкирлари ташаббуси билан ва ҳокимлар кўмагида туманда ойига икки марта “лойиҳалар ярмаркаси” ташкил этилади.
Хулоса шуки, Микрокредитбанк жамоаси юртбошимиз раҳбарлигида 2024 йил 16 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича барча чора-тадбирларни амалга оширади.
Банк Aхборот хизмати

















