
Арнасой туманида аҳоли хонадонларида тадбиркорликни ривожлантириш, янги даромад манбаларини яратиш ва оилалар фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Жумладан, чорвачилик йўналишида 2026 йил бошидан 1-сентабрга қадар имтиёзли кредит ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан 95 та хонадонга 210 бош наслли чорва моллари сотиб олинди. Айни пайтда ушбу хонадонларда 800 бошдан ортиқ наслли чорва моллари парвариш қилинмоқда.

Йил якунига қадар ушбу йўналишдаги ишларни кенгайтириб, 1 000 та хонадонда 3 000 бош наслли чорва моллари етиштириш режалаштирилган.
Шунингдек, туризм йўналишида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Арнасой тумани «Бахтли» МФЙнинг «Наврўз» қўрғони ҳудудида 2026 йил бошидан 16-сентабрга қадар 13 та тадбиркор томонидан уй меҳмонхоналари ва савдо шохобчалари ташкил этилди. Тадбиркорлар ушбу фаолият орқали кунига 1,5–3 миллион сўмгача даромад олмоқда.
Айни пайтда уй меҳмонхоналари ташкил этиш истагида бўлган 16 нафар талабгор мавжуд бўлиб, уларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун 2,33 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, туманда қуртчилик фаолиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, имтиёзли кредит ва ўз маблағлари ҳисобидан Арнасой тумани Дўстлик МФЙда «Тур анори» МЧЖ раҳбари Жўраев Улуғбек томонидан корпорация усулида маҳалладаги 10 та оила жалб этилиб, қуртчилик фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирда корхонада ойига 3 тонна қурт ишлаб чиқарилмоқда.
Бугунги кунга келиб, Арнасой туманида қуртчилик билан шуғулланаётган оилалар сони 38 тага етган. Улар ушбу фаолият орқали ойига 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача даромад олмоқда.

Мазкур лойиҳалар аҳоли хонадонларида тадбиркорликни кенгайтириш, барқарор даромад манбаларини шакллантириш ва янги ишбилармонлик имкониятларини яратишга хизмат қилмоқда.
Банк Ахборот хизмати



















