
Китоб — инсон тафаккурини бойитадиган, қалбига эзгулик ва ҳаётига янги маъно олиб кирадиган бебаҳо манба. Яхши асар мутолааси орқали инсон нафақат янги билимларни эгаллайди, балки ҳаётга, инсоний муносабатларга ва ўзига бошқача нигоҳ билан қарашни ўрганади.

«Микрокредитбанк» АТБда ходимларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаа орқали уларнинг дунёқараши ва маънавий оламини бойитишга қаратилган «Китоб ўқиш соати» лойиҳаси изчил давом этмоқда.
Навбатдаги мутолаа учун жаҳон адабиётининг машҳур намояндаси, америкалик ёзувчи, Нобель мукофоти совриндори Эрнест Хемингуэйнинг «Алвидо, қурол!» романи танланди.
Асар мутолаа қилинганидан сўнг ташкил этилган тадбирда банк ходимлари роман мазмуни, ундаги қаҳрамонлар тақдири, инсоний туйғулар, муҳаббат, уруш ва тинчлик каби мавзулар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Иштирокчилар учун асар асосида тайёрланган тест саволлари ҳам ташкил этилиб, китобхонларнинг асарни қай даражада чуқур ўзлаштиргани синовдан ўтказилди.
Тадбирнинг яна бир қизиқарли жиҳати — иштирокчиларнинг ўзларини таъсирлантирган, уларда чуқур таассурот қолдирган парчаларни ўқиб беришлари бўлди. Бу жараён орқали ходимлар нафақат асар ҳақидаги билимларини, балки унинг мазмунидан келиб чиққан шахсий қараш ва хулосаларини ҳам намоён этдилар.

Энг фаол ва билимдон китобхонлар эса эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дарҳақиқат, мутолаа — шунчаки китоб ўқиш эмас. Ҳар бир ўқилган саҳифа инсонни фикрлашга, мушоҳада қилишга, янгича хулосалар чиқаришга чорлайди. Айниқса, жамоавий мутолаа ходимлар ўртасида фикр алмашиш, турли қарашларни тинглаш ва янги ғоялар билан ўртоқлашиш учун ўзига хос майдон яратади.
МКБАНК — Биргаликда китоб ўқиймиз!
Банк Ахборот хизмати



















