
«Facebook» ижтимоий тармоғида фуқаро Ш.Кадир-Ахуновнинг «Маҳаллий ишлаб чиқариш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ўзимизни банд қилиш ва 50 иш ўринларини яратишга МИКРОКРEДИТБАНК томонидан асоссиз тўсқинлик бўлиб келмоқда» мурожаати эълон қилинган.
Мазкур ҳолат ўрганилганда, «Микрокредитбанк» АТБ Андижон вилоят минтақавий филиали Амалиёт бўлими томонидан фуқаро Ш.Кадир-Ахуновга 2017 йил 12 февралда 569-сонли кредит шартномасига асосан 150 млн.сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган.
Ушбу кредит маблағининг таъминоти сифатида фуқаро Ш.Кадир-Ахуновга тегишли бўлган Андижон шаҳар Боғишамол автомобиль бозори ҳудудида жойлашган ер майдонидаги ошхона биноси бириктирилмаган ҳолда гаровга қўйилган.
Мижоз томонидан ажратилган кредит маблағининг тўловлари вақтида тўланмаганлиги боис, банк томонидан судга мурожаат қилинган. Суд томонидан банк даъвоси қаноатлантирилган. Шунга қарамасдан Ш.Кадир-Ахунов кредит тўловларини вақтида тўламасдан, гаровга қўйилган мулкларнинг ижросига ҳар хил важлар билан қаршилик қилиб, мажбурий ижро ҳаракатларига тўскинлик қилиб келган.
Шунингдек, гаровга қўйилган мулкнинг ижро ҳаракатларининг олдини олиш учун ушбу маблағни тўлаш имконияти йўқлигини сабаб қилиб, ҳокимият идораларига мурожаат қилган.
Шундан сўнг Андижон вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов ташаббуси билан ҳомийлар ҳисобидан 2021 йилнинг 14 июнь куни фуқаро Ш.Кадир-Ахуновнинг банк олдидаги қарздорлиги тўлиқ қоплаб берилган.
2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг Андижон вилоятидаги тадбиркорлар билан учрашувида фуқаро Ш.Кадир-Ахунов трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида мурожаат қилган. Натижада ушбу вазирлик билан қарз олувчи – «Шайхулло Шамсинур Шодиёна» МЧЖ (раҳбари Ш.Кадир-Ахуновнинг қизи Ш.Қодирохунова) ўртасида 2022 йил 14 февраль куни тузилган рақамсиз шартномага асосан, қарз олувчига трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фоизсиз, 84 ой муддатга 1 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Мазкур ажратилган маблағ шартноманинг 4.2-банди «в» кичик бандида «Шайхулло Шамсинур Шодиёна» МЧЖ раҳбарига тегишли, Андижон шаҳар Боғишамол автомобиль бозори ҳудудида жойлашган, ошхона биносига нисбатан тақиқ қўйиш, тақиқни кредит шартномасига асосан олинган кредит тўловлари тўлиқ қайтарилгандан сўнг бекор қилиш кўрсатиб ўтилган.
Ҳозирги кунда фуқаро Ш.Кадир-Ахуновнинг қизига тегишли бўлган «Шайхулло Шамсинур Шодиёна» МЧЖнинг Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги олдида бажарилиши керак бўлган айрим мажбуриятлари мавжуд.
Бундан ташқари, фуқаро Ш.Кадир-Ахунов фарзанди Шунқорбой Кадир-Ахунов номига «Шункорбой 11» оилавий корхонасини ташкил этиб, ушбу корхонага музлатгич омборини ташкил қилиш учун банкдан 1 млрд.сўм миқдорида кредит маблағи ажратишни сўраган. Аризада оилавий корхона фаолиятини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тақиқида турган бино иншоотида (ошхона биноси) юритишини кўрсатиб ўтган.
Шунга кўра, 2023 йил 8 сентябрда «Микрокредитбанк» АТБ Бошқаруви орқали Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида гаров таъминоти сифатида олинган, ошхона учун мўлжалланган 3 қаватли бино-иншоотида музлатгичли омборхона ташкил этилишига қарши ёки қарши эмаслиги тўғрисида маълумот тақдим этилишида амалий ёрдам бериш ҳақида мурожаат қилинган
Бош банкнинг 2023 йил 19 сентябрдаги хатига асосан «Шункорбой 11» ОКга музлаткичли омбор қуриш мақсадида 1 млрд.сўм имтиёзли кредит ажратилишига ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида гаров таъминоти сифатида олинган фуқаро Ш.Кадир-Ахунов тегишли ошхона биноси ўрнида музлаткичли омборхона қуришга рухсат берилмаслиги кўрсатилган.
Шунга асосан, фуқаро Ш.Кадир-Ахуновга тегишли ошхона биноси ўрнида музлаткичли омборхона ташкил этиш ҳақидаги мурожаати филиал томонидан қаноатлантирилмаган.
Бундан ташқари, фуқаро Ш.Кадир-Ахуновнинг турмуш ўртоғи Насибахон Кадир-Ахунова номига тикувчилик фаолиятини ривожлантириш мақсадида 2021 йилнинг 19 октябрдаги 155-сонли кредит шартномасига асосан Микрокредитбанк томонидан 36 ой муддатга 30 млн.сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилган.
Бироқ банк томонидан бир неча бор оғзаки ва ёзма огоҳлантиришларга қарамасдан ушбу фуқаронинг бугунги кун ҳолатига кўра, қарздорлиги муддати ўтган кредит тани 9,0 млн сўм, муддати ўтган кредит фоизи 4,9 млн сўм, муддати келмаган кредит тани 21,0 млн сўм, жами 34,9 млн сўм банк олдида қарздорлиги мавжуд. Ҳаттоки ушбу қарздорликни ундириш мақсадида суд томонидан 2023 йил 17 февраль куни қабул қилинган 2-1701-2304/3186-сонли қарори ижроси ҳам ҳозиргача таъминланманган.
Хулоса шуки, фуқаронинг важлари ва эски адоват туфайли кредит ажратишга тўсқинлик қилинаётгани ҳақидаги мурожаати асосли эмас. Қолаверса, Ш.Кадир-Ахунов оиласига тегишли корхоналар, оила аъзолари банк олдидаги мажбуриятларини турли баҳоналар билан ҳанузгача бажармасдан келишмоқда.
Банк Ахборорт хизмати