“Ёшлар” телеканалининг Янги давр дастурида “Микрокредитбанк” АТБнинг Тошкент вилояти Келес филиали тугатилиши ва 40 нафардан ортиқ банк ходими ишсиз қолиши, 17 мингдан ортиқ мижозлари эса сарсон бўлаётгани тўғрисидаги асоссиз, фактларга таянилмаган хабар-лавҳа эълон қилинди. 

 Аввало, журналист Нодирбек Шамсиддин ушбу лавҳани тайёрлашда масалага бир томонлама ёндашиб, журналист этикасига амал қилмасдан, нотўғри хулосалар қилганлигини, шунингдек, раҳбарият вакили — Тармоқларни бошқариш департаменти директори Феруз Эшқуловнинг ҳолат бўйича берган изоҳи лавҳада тўлиқ берилмаганини таъкидламоқчимиз. 

Энди лавҳадаги иддаоларга келсак: 

 1. Бошқарув Раисининг 2022 йил 1 августдаги қарори билан Келес филиали ёпилиши белгиланган, дейилган. 

 Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда рўйхатга олинган “Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги 3252-сонли низомга асосан, банк филиали банкнинг Кузатув Кенгаши қарорига мувофиқ очилиши ва тугатилиши ҳамда ўз фаолиятини банкка берилган лицензия ва банкнинг Кузатув Кенгаши томонидан тасдиқланган филиал тўғрисидаги низом асосида амалга ошириши белгиланган. Шунга мувофиқ, Келес филиали банк Кузатув Кенгашининг 2022 йил 29 июлдаги қарорига мувофиқ тугатилиши белгиланган. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирда юртимиздаги аксарият тижорат банклари ягона МФО тизимига ўтиш орқали аҳолига замонавий хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқда. Шу билан бир қаторда “Микрокредитбанкни 2025 йилгача ривожлантириш стратегияси”ни реализация қилиш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да ҳам банк инфратузилмаси ва мижозларга хизмат кўрсатиш савиясини, маданиятини янада ривожлантириш тадбирлари доирасида жойлардаги барча филиалларни босқичма-босқич тугатиш орқали ягона МФО тизимига ўтказиш кўзда тутилган. Шу мақсадда банкнинг Келес филиали билан бирга Қизириқ, Зомин, Жумашой, Тошбулоқ каби филиаллари ҳам тугатилиб, улар негизида банк хизматлари офислари очиш орқали ягона МФОга ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Қолаверса, банк тижорат ташкилоти ҳисобланади ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун ҳамда ўзининг ички сиёсати доирасида тижорат манфаатларидан келиб чиқиб, мустақил қарор қабул қилади. 

 2. 17 минг нафардан ортиқ мижозларнинг сарсон-саргардон бўлишига ҳеч ким кафолат бермаяпти, Келес филиали тугатилиши билан барча юридик мижозлар ҳисоб-рақамлари Нурафшондаги Тошкент вилояти Амалиёт бўлимига ўтиб кетади, дейилган. 

 Аслида, филиалнинг юридик мижозлари сони 1519 та, якка тартибдаги тадбиркорлар сони 974 та, кредит олган ва омонат қўйган жисмоний шахслар сони эса 2 562 та, шунда жами мижозлари сони 5 055 та бўлиб, (17 минг эмас!) уларга ҳудудда янгидан очилган  “Тошкент” (Келес филиалидан 1,5 км масофада жойлашган) ва “Олтинтепа” (Келес филиалидан 9 км масофада жойлашган) банк хизматлари марказларида хизмат кўрсатилади. Соддароқ айтганда, мижознинг ҳисоб рақами кўчирилгани билан барча банк амалиётлари Тошкент туманидаги банк хизматлари марказларида амалга оширилади. Тошкент вилояти Амалиёт бўлимига эса боришга ҳожат қолмайди. 

Қолаверса, бугунги кунда банк мижозлари бўлган юридик шахслар учун Интерактив банк хизмат турлари (СМС банкинг, Интернет банкинг, Мобил банкинг) йўлга қўйилган бўлиб, улар орқали масофадан, банкка келмасдан туриб тўлов амалиётларини амалга ошириш имкониятлари яратилган. 

Мазкур қулайликлардан фойдаланган ҳолда Келес филиалининг  юридик ҳамда ЯТТ бўлган мижозларининг қарийб 60 фоизига Интернет банкинг, Мобил банкинг хизмати орқали масофадан туриб хизмат кўрсатилмоқда. 

Яъни уларнинг фаолият юритишига банк хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. 

 3. Тижорат ташкилотини тугатиш учун ҳам тайинли асос йўқлиги, зарарсиз, фойда билан ишлаётган молия муассасасини тугатиш шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради, дейилган. 

 Энди аниқ фактларга эътибор қаратсак, ушбу филиал 2022 йил июнь ойини 11,1 млрд. сўм, июль ойини 9,2 млрд. сўм, август ойини 9,2 млрд. сўм, сентябрь ойини 9,5 млрд. сўм, октябрь ойини 9,4 млрд. сўм зарар билан якунлаган. 

 Бундан ташқари, 2022 йил 1 ноябрь ойи ҳолатига кўра, Келес филиалида муаммоли кредитлар (NPL) 29,9 млрд. сўмни ёки кредит портфелининг 26,3 фоизини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 671 млн. сўмга ёки 2,3 фоизга, 2-чорак якунига нисбатан эса 4,4 млрд. сўмга ёки 15 фоизга ошганини кўриш мумкин. Бундан кўриш мумкинки, ушбу важ ҳам асосга эга эмас. 

 4. 40 нафар банк ходимлари ишсиз қолаётганлиги айтилган. 

 Тошкент вилояти Келес филиалида айни пайтда 35 та штат бирлиги мавжуд бўлиб, 30 нафар ходим (5 та вакант) фаолият юритиб келмоқда. Лавҳада айтилганидек, ишчиларнинг ишсиз қолмаслиги ёки мижозларнинг сарсон бўлмаслиги, албатта, молия ташкилоти томонидан инобатга олинган бўлиб, ушбу ходимларни тумандаги “Тошкент” ва “Олтинтепа” банк хизматлари маркази ҳамда Тошкент вилояти минтақавий филиалидаги бўш иш ўринларига жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Яъни улар ишсиз қолаётгани йўқ. 

 Бир сўз билан айтганда, биз мижозларимизга энг яхши хизматларни таклиф этишдан манмунмиз. “Янги давр” дастуридаги лавҳада эса ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва асоссиз маълумотлар тарқатилганини маълум қиламиз. 

 Банк Ахборот хизмати