
“Микрокредитбанк” АТБ кредит қарздорликларини автоматик ундириш тизимини янада самарали қилиш мақсадида янги модулни жорий қилмоқда. Ушбу модул орқали мониторинг, операциялар, созламалар ва ҳисоботларни автоматлаштириш режалаштирилган.
Модулни такомиллаштириш натижасида, “Uzcard” карталарида қолдиқлар текшириш частотаси суткасига 4 мартадан 220 мартагача, “Humo” карталарида эса 4 мартадан 40 мартагача оширилади.
Карталарни текшириш цикли 6 соатдан 4-5 дақиқага (Uzcard) ва 30 дақиқага (Humo) туширилади. Қарздорликлар учун маблағлар кафиллар карталаридан ҳам ундирилади. Банк карталари устуворлик даражаси бўйича сараланади ва кредит тўловлари биринчи навбатда, устувор ҳисобланган карталардан ҳамда электрон ҳамёнларидан ҳам ечилади. Бундан ташқари, автоматик ундириш жараёни халқаро банк карталари (Visa, Mastercard, UnionPay)га ҳам татбиқ этилади.
Шунингдек, “WEBASE” МЧЖ билан ҳамкорликда “Uzcard” ва “Humo” процессинг тизимларига тўғридан-тўғри уланиш, бюджет ташкилотлари ходимлари карталари учун “UzASBO” тизими орқали мониторинг йўлга қўйилади. Қарздорлар ҳақида маълумотлар базаси кунлик янгиланиб, сунъий интеллект орқали тўлов устуворлиги белгилаб борилади.
Ушбу ўзгаришлар банк тизимини рақамлаштириш, қарздорликларни тезкор ундириш учун қулайлик яратишга хизмат қилади.
Банк Ахборот хизмати

















