
Паркент тумани — Ўзбекистонда туризм салоҳияти тобора юксалиб бораётган ҳудудлардан бири. Ушбу манзил ўзининг бетакрор табиати, соф ҳавоси ва мусаффо манзаралари билан маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун жозибадор манзилга айланиб бормоқда.

Микрокредитбанк Бошқарув раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова Паркентдаги Кумушкон қишлоғида бўлиб, банк томонидан амалга оширилаётган туризм лойиҳалари, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан танишди.
Дастлабки манзил “Микрокредитбанк” АТБнинг молиявий кўмагида ташкил этилган “Сайёҳ 2000” лойиҳаси бўлди. Тадбиркор Олим Юсупов сой бўйидаги ҳовлисида 48 ўринли меҳмон уйи очган. Хоналар миллий услубда, шинам қилиб жиҳозланган. Меҳмон уйи йилига 2 мингдан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатади. Яқинда Президентимиз ҳам ушбу масканда бўлиб, меҳмон уйи фаолияти билан танишган эди. Бу ердаги ободликни кўриб, бу ташаббусни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этишни айтган эди.

Олим Юсупов меҳмонхонани ташкил этиш учун дастлаб 300 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олган. Бугунги кунга келиб, у 20 нафар фуқарони доимий иш билан таʼминлаган. Айни дамда ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 1 гектар ер майдонида 100 ўринли замонавий туризм маркази қурилишини бошлади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи учун Микрокредитбанк томонидан 3 миллиард 800 миллион сўмлик кредит ажратилди. Янги мажмуа ишга тушгач, яна 30 нафар янги иш ўрни яратилади.

“Микрокредитбанк” АТБ нафақат мазкур меҳмон уйи лойиҳасига, балки Паркент туманидаги бошқа қатор ташаббусларга ҳам молиявий кўмак кўрсатмоқда. Хусусан, Кумушкон қишлоғидаги 7 та меҳмон уйи ва 5 та хизмат кўрсатиш обекти банк кредитлари орқали ташкил этилди. Бунинг учун 1 миллиард сўмга яқин “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” ҳамда “Маҳалла” дастурлари асосида кредитлар ажратилган. Айниқса, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эʼтибор бугун опа-сингилларимизнинг моддий фаровонлигини оширишга, турмуш шароитларини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Инобат Ғиёсова туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга. У ўз меҳмон уйини жиҳозлаш учун 190 миллион сўм кредит олиб, ҳозирда фаолиятини кенгайтириш ниятида. Шахло Ибрагимова мазкур обектга ҳам ташриф буюриб, тадбиркор аёл фаолияти билан танишди. Мулоқот чоғида Инобат опага банкнинг янги кредит пакетлари ва имтиёзлари, жумладан, “Ҳамроҳ” дастури ҳақида маʼлумот бериб, тегишли тавсиялар билан ўртоқлашди.

Инобат Ғиёсова — “Шуҳрат” медали соҳиби. У қишлоғида туризмни ривожлантириш орқали нафақат ўз оиласи, балки бутун маҳалласига наф келтираётганидан фахрланади.
Давлат раҳбарининг доимий қўллаб-қувватлаши, Микрокредитбанкнинг молиявий кўмаги ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг ташаббуси орқали Паркент туманида, хусусан Кумушкон қишлоғида туризм, хизмат кўрсатиш ва оилавий тадбиркорлик салоҳияти кенгаймоқда. Бу эса ҳудуд иқтисодий ўсиши, ижтимоий барқарорлик ва аҳоли фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор яратиб бермоқда.
Банк Ахборот хизмати

















