
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Собира Азимбоева томонидан йўлланган мурожаат асосида тайёрланган лавҳада «Микрокредитбанк» АТБдан кредит олганидан сўнг банк томонидан уйи тортиб олинганлиги ҳақида сўз борган.
Ушбу мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
2021 йил 25 февралда «Микрокредитбанк» АТБ ва « PRIMERO ICE » МЧЖ ўртасида музқаймоқ маҳсулотлари сотиб олиш учун 12 ой муддатга 500 миллион сўм миқдорда йиллик 24 фоизли устама тўлаш шарти билан шартнома имзоланган эди. Кредит таъминоти сифатида фуқаро Жамол Арипжановга тегишли бўлган Ғазалкент шаҳри, Ф.Хўжаев кўчасида жойлашган 38-уй (уй эгасининг розилиги асосида) гаровга олинган. Бироқ «PRIMERO ICE» МЧЖ томонидан олинган кредитлар ўз вақтида тўланмай келинган.
Шундан сўнг банк томонидан шартнома шартлари бузилганлиги сабабли, қонун доирасида қарздорликни ундириш ҳамда ундирувни гаров мулкига қаратиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризциа билан мурожаат қилинган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, МИБ Бўстонлиқ тумани давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилган. Ижро ҳаракатлари натижасида гаровдаги турар жой биноси қарздорлик ундируви сифатида «e-auksion» савдо платформасига жойлаштирилиб, сотувга чиқарилган. Аммо савдо натижаларига кўра юқоридаги гаров таъминоти сотилмаганлиги сабабли банк балансига натура шаклида қарздорликни сўндириш эвазига таклиф қилинган. Давлат ижрочисининг таклиф хатига асосан гаров мулки банк балансига қабул қилинган.
Кейинчалик, банк юқоридаги мулкни банк балансига қабул қилинганидан сўнг e-auksion платформаси орқали савдога чиқарган.
Турар жой биноси фуқаро Азимжон Норбеков томонидан аукцион савдолари орқали сотиб олинган. Бироқ унга уйни топширишда муаммолар туғилган. Яъни ушбу уйда яшовчи, аммо доимий рўйхатда бўлмаган фуқаро Собира Азимбоева уйдан кўчишни истамаган. Шундан сўнг банк томонидан ФИБ Чирчиқ туманлараро судига фуқароларни мажбурий тартибда кўчириш бўйича даъво ариза киритилиб, даъво тўлиқ банк фойдасига қаноатлантирилган.
Бўстонлиқ тумани МИБ томонидан суд қарори ижросини таъминлаш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилишига қарамасдан, С.Азимбаева томонидан ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилиб келинган.
Шундан сўнг мазкур турар жой биносини аукцион орқали бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган харидор Азимжон Норбеков кейинчалик банк олдидаги мажбуриятини бажара олмаслигини билдириб, ўз мажбуриятларини С.Азимбоевага ўтказишни сўраб мурожаат қилган.
Айни пайтда сотиб олувчи ва уйда яшовчи фуқаролар томонидан ўзаро келишилгани ҳисобга олиниб, (икки томоннинг аризалари ҳам мавжуд) Ғазалкент БХО кредит комиссиясининг ижобий хулосаси орқали ҳужжатлар банк Бошқарувига кўриб чиқиш учун тақдим этилган.
Банк Ахборот хизмати