
Юртимиз, хусусан Бухоро деҳқончилиги, унинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган полизчилиги узоқ тарихга эга. “Авесто” асарида ҳам заминимизда тилими тилни ёрар бундай ноз-неʼматлар сероб бўлгани айтилади. Бухорода етиштирилаётган полиз маҳсулотлари нафақат таʼми, балки шифобахш хусусиятлари билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Шерози, амири, кўкча, бўрикалла, баргинай гулоби каби машҳур навлар бухоролик деҳқонлар томонидан етиштирилиб, халқимиз дастурхонига тортиқ қилинмоқда.

“Микрокредитбанк” АТБ томонидан Шофиркон туманида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таʼминлаш ва даромад манбаларини ошириш мақсадида “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида полиз маҳсулотлари етиштириш лойиҳаси йўлга қўйилди.

Бобохайдар маҳалласидан 10 гектар майдон ажратилиб, унда 22 та деҳқон хўжалиги ташкил этилди. Ҳар бир деҳқонга 45 сотихдан ер ажратилиб, бу ерда полиз маҳсулотлари – қовун етиштирилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, бир ер эгасининг йиллик даромади (45 сотихдан ) 1-ҳосилдан 70 млн.сўм ва соф фойдаси 62 млн.сўмни ташкил этади.

Лойиҳага “Дўстлик Мева Сабзавот” МЧЖ агрегатор сифатида жалб этилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 160 миллион сўмни ташкил этган. Бунинг 100 миллион сўми Микрокредитбанк орқали имтиёзли кредит сифатида ажратилган.

Айтиш мумкинки, Микрокредитбанк томонидан “Бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида вилоят бўйича жами 13 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, мазкур лойиҳалар орқали Бухорода 554 нафар аҳоли бандлиги таʼминланди.
Банк Ахборот хизмати

















