
Аҳоли бандлиги ва кичик бизнес учун янги имкониятлар: Учкўприк туманида мини технологиялар ярмаркаси ўтказилди
Учкўприк туманидаги «Бобошбек» ишлаб чиқариш ва савдо мажмуасида туман ҳокимлиги, «Микрокредитбанк» ва Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида мини технологиялар ярмаркаси ташкил этилди.

Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кам даромадли оилаларга ўз бизнесини бошлаш ва доимий даромад манбаини яратишда кўмаклашиш мақсадида ташкилланган ярмаркада 200 нафардан зиёд ёшлар, хотин-қизлар ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган шахслар иштирок этди.
Ярмарка доирасида ўндан зиёд етказиб берувчилар томонидан саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига мўлжалланган, уй шароитида ҳамда кичик ишлаб чиқариш объектларида ишлатишга қулай бўлган 50 турга яқин замонавий ва ихчам ускуналар намойиш этилди.
Ярмарка иштирокчилари мини ускуналарнинг ишлаш жараёни, қуввати, харажати ҳамда кутилаётган даромад имкониятлари билан бевосита танишишди. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари ва «маҳалла банкирлари» иштирокида аҳолига имтиёзли кредит ва лизинг шартлари асосида ускуналарни харид қилиш бўйича зарур маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Ярмарка давомида 24 нафар фуқаро ва тадбиркорлар томонидан янги бизнес лойиҳаларини бошлаш ва ускуналарни харид қилиш бўйича дастлабки шартномалар расмийлаштирилди.
Аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш, уларни даромадли фаолиятга йўналтириш ҳамда лизинг ва кредит орқали молиялаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда
МКБАНК — бизнес ғояларни амалий лойиҳаларга айлантиришда ҳамроҳ!



















