
Маълумки, тижорат ташкилотлари йиллик фаолиятини тасдиқланган “Бизнес-режа” асосида олиб боради. Бунда йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган барча харажат ҳамда даромадлар акс эттирилади. Албатта, йирик ташкилотлар учун ушбу муҳим жараённи кунлик назорат қилиб бориш имконияти чекланган эди.
Қувонарлиси, “Микрокредитбанк” АТБ бу жараёнга осон ечим топди ва юртимиздаги банклар орасида биринчи бўлиб, “Фидо бизнес” МЧЖ билан ҳамкорликда IABS дастурида “Бизнес режа”нинг ижросини кунлик ҳамда ойма-ой назорат қилиб бориш имконини берувчи модулни йўлга қўймоқда.
Эндиликда банкнинг йиллик “Бизнес-режа”сини ишлаб чиқиш, ижросини таъминлаш ушбу модул орқали амалга оширилади ҳамда назорат қилиб борилади. Бунда ҳар бир бизнес блок, ҳудудлар кесимида БХО ва БХМлар ҳам ўз йиллик режасини IABS дастурига йил бошида шакллантириши лозим бўлади.
Шунингдек, банкнинг кунлик даромад ва харажатларини Режа/Факт кўринишида онлайн кузатиб бориш ва назорат қилиш имконияти яратилади. Харидлар режаси онлайн шакллантирилади, DWH сунъий интеллект билан қамраб олинади, барча жараёнлар интеграциялашади, инсон омили қисқаради. Асосийси, барчаси ягона марказ орқали бошқарилади.
Ҳозирда тизим банкда тест режимида ишга туширилган ва 2025 йилнинг биринчи чорагида тўлиқ амалиётга жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Банк Ахборот хизмати



















