

«Микрокредитбанк» АТБ ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур форумда Банк Бошқарув раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова, Вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимова, вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркор аёллар, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Форум икки қисмдан иборат бўлди. Дастлаб «Микрокредитбанк» АТБ нинг имтиёзли кредитларидан фойдаланиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда 30 нафарга яқин ҳунармандлар, тадбиркор аёллар ўзларининг 50 турдан ортиқ маҳсулотларини намойиш қилишди.
Шундан сўнг форумнинг асосий қисмига старт берилди. Тадбиркор хотин-қизлар ўртасида ўзаро мулоқот муҳитини яратиш ва тажриба алмашинув сифатида ташкил этилаётган форумдан кўзланган мақсад ҳам хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, даромадларини оширишга кўмаклашиш, молиявий саводхонлигини ошириш каби мақсадларни ўз ичига олади. Мазкур форум учун “Орзудан муваффақиятгача...” шиори бежизга танланмади. Бундан англаш мумкинки, орзуларини ҳақиқатга айлантирган, айлантиришни ният қилган ташаббусли аёллар, хотин-қизлар фаолиятига назар солиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда кўмаклашиш каби мақсадлар мужассам.
Бугун «Микрокредитбанк» АТБ томонидан ҳам айнан хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини ривожлантиришга ҳисса қўшишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, республика бўйича 2021-2024 йилларда 190 мингга яқин хотин-қизлар тадбиркорлигига МКБАНК томонидан биргина Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли шартларда 3,4 трлн сўмлик кредитлар ажратилди. Шундан Бухоро вилояти бўйича 15 мингдан ортиқ хотин-қизлар тадбиркорлиги учун 331 млрд сўмдан ортиқ имтиёзли шартларда банк кредитлари йўналтирилди.
Мисол учун, Бухоро шаҳридаги “Ҳавзи Нав” маҳалласи мисолида олиб қарайдиган бўлсак, ушбу маҳаллада 1 342 нафардан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади. Улар касаначилик, ҳунармандчилик, тадбиркорлик каби 18 та йўналишда фаолият юритиб, ўз оилаларига даромад келтирмоқда. Йил бошидан буён маҳалладаги 40 нафарга яқин хотин-қизларга банк томонидан 700 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, улар уйдан чиқмай туриб тадбиркорлик ишини бошлашга эришган.
Хотин-қизлар тадбиркорлиги ҳақида сўз кетганда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 мартдаги 122-сонли «Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Чунки мазкур қарор билан Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтариш, бизнес вакилаларини қўллаб-қувватлаш механизмлари аниқ белгилаб берилди.
Маълумот ўрнида, банк томонидан 2024 йил 1-октабр ҳолатига 103 мингга яқин субъектга жами 1,7 трлн. сўм кредитлар (шундан, 62 та юридик шахсларга 12,3 млрд. сўм, 102 мингдан ортиқ жисмоний шахсларга 1,7 трлн. сўм) ажратилиши натижасида 102 481 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Эътиборлиси, ушбу кредитларнинг 875 млрд. сўми қарийиб 60 мингга яқин хотин-қизларнинг лойиҳаларига йўналтирилган. Мазкур дастур доирасида ажратилган кредитларнинг 38 фоизи ёшлар ҳиссасига, 51 фоизи эса айнан хотин-қизларнинг ҳиссасига тўғри келади.
Бугунги кунда аёллар нафақат оила равнақи ҳамда фарзандлар тарбияси билан машғул она ва уй бекаси бўлиши, балки жамият ҳаётида ҳам ўз ўрнига эга бўлишлари, турли соҳаларда юксак муваффақиятларга эришишлари мумкин. Бугунги форум ҳам бухоролик опа-сингилларимиз тадбиркорлигини янги босқичга олиб чиқишга, янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.
“Орзудан муваффақиятгача...” I хотин-қизлар Форумини республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш мақсад қилинган.
Банк Ахборот хизмати