
Юртимизда экспортчи корхоналарни молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёзлар жорий қилинган. Мисол учун, транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, халқаро стандарт сертификатлари жорий этилганда, уларнинг тўловлари ҳам давлат томонидан қопланади. Халқаро кўргазмалар, ярмаркаларда тадбиркорлар иштирокини таъминлашда ҳам харажатларнинг маълум бир қисми тўлаб берилади.
Бундан ташқари, экспортчи корхоналар экспортга чиқаётган маҳсулотлар учун ягона солиқ ва фойда солиғидан озод этилган. Дейлик, бир корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотининг 30 фоизини экспорт қилса, ўша 30 фоиз маҳсулот учун фойда ва ягона солиқдан озод этилади. Экспортчи корхоналар учун яна бир солиқ имтиёзи бор. Уларга қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариб олиш имконияти яратилган.

Микрокредитбанк АТБ томонидан ҳам экспортчи корхоналарни жумладан, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг лойиҳалари молиялаштирилиб келинмоқда.
Биргина 2024 йилда 150 та Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 804,7 млрд. сўмлик лойиҳалари молиялаштирилиб, 1,97 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт тушуми амалга оширилди.

Жорий йилда эса 330 дан ортиқ Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 1,2 трлн. сўмлик лойиҳалари молиялаштирилиш режалаштирилган.
Мисол учун, 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги «Хожели ун маҳсулотлари» корхонасига айланма маблағни тўлдириш ва буғдой сотиб олиш учун 12 ой муддатга 600 000 АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Бунинг натижасида 2024 йил давомида 1,8 млн. АҚШ доллари миқдорида ун маҳсулотлари экспортини амалга оширди. Қувонарлиси, ушбу корхонада доимий ишчилар сони 65 нафарни ташкил этади.
Маълумот учун «Хожели ун маҳсулотлари» корхонаси банкнинг молиявий кўмагида ташкил қилиган бўлиб, 2022-2024 йилларда 2,2 млн АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилган. Айни пайтда корхонада Қозоғистон Республикасидан олиб келинган буғдой қайта ишланиб, юқори навли ун маҳсулоти нафақат халқимиз дастурхонига, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Корхона кунига 200 тонна ун маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватига эга.
Микрокредитбанк томонидан экспорт билан шуғуллананиб, миллий маҳсулотларимизни жаҳонга олиб чиқаётган, бу орқали давлатимизнинг иқтисодий салоҳияти ортишига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган тадбиркорларни имтиёзли шартларда молиявий қўллаб-қувватлаш давом эттирилади.
Банк Ахборот хизмати

















