
Банклар, молия ташкилотлари, мижоз, дебитор. Бу занжир ўзида муҳим амалиёт – факторингни бирлаштиради. Бугун ундан фойдаланувчи тадбиркорлар сони ортиб бормоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2024 йил 12 августдаги “Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши ушбу тизимни ривожлантириш истиқболларини белгилаб берди.
Фармон билан юртимизда факторинг хизматларини ривожлантириш учун тижорат банкларига ҳам бир қатор вазифалар юклатилди. Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу молиявий хизматни ривожлантиришнинг тадбиркорлар учун қулайлик томонлари кўп.
Микрокредитбанк тизимида ҳам янгидан Факторинг хизматларини кўрсатиш бўлими ташкил этилиб, тажрибали мутахассислар билан тўлдирилди. Банкда факторинг хизматларини кенгайтириш мақсадида “OZPLANET” ва “Didox faktoring” электрон платформасидан фойдаланиш бўйича шартномалар имзоланди.
Қисқа вақт ичида ушбу платформалар ёрдамида 10 нафар мижозга банк томонидан 32,2 млрд сўмдан ортиқ маблағлар тўлаб берилди. Келгусида факторинг хизматларидан фойдаланувчи тадбиркорлар сонини ошириш борасидаги ишлар давом этади.
Шу ўринда факторинг хизматидан фойдаланганда, тўлов муддатлари қандай белгиланиши ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсак.
Факторинг хизматидан фойдаланганда тўлов муддатлари мижоз ва факторинг компанияси ўртасидаги шартнома ва мижозларнинг қарздорлик муддатларига қараб белгиланади. Бу муддат мобайнида банк ҳисоб-фактура бўйича пулни қайтарилишини кутади.
Содда қилиб айтганда, муддат — бу мижознинг қанча вақт ичида тўловни амалга оширишини кутиш муддати.
Демак, агар факторинг шартномасига кўра мижоз 90 кун ичида тўловни амалга ошириши керак бўлса, муддат 90 кун ҳисобланади. Бу муддат ичида банк ёки кредит ташкилоти мижоздан тўловни қабул қилади ва тўлиқ ҳисоб-китоб амалга оширилади.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, банк томонидан корпоратив, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, ишлаб чиқарувчилар, савдо компанияларига 180 кун муддатгача (олди сотди ёки хизмат кўрсатиш шартномалари тўлов муддатидан келиб чиқиб), 8 фоизгача дисконт шартлари асосида факторинг хизматлари таклиф этиб келинмоқда.
Банк Ахборот хизмати



















