
Фуқаро О. Юсупов томонидан Микрокредитбанк АТБ Андижон вилоят филиали фаолиятига оид билдирилган мурожаат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Мурожаатда кўтарилган ҳолат банк тизимига ишга қабул жараёнларига тааллуқли бўлиб, ушбу жараёнлар амалдаги тартибга мувофиқ равишда — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг тегишли қарори билан тасдиқланган “вакант лавозимла рга номзодларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби” асосида, очиқлик, шаффофлик ва инсон омилисиз амалга оширилади.
Хусусан, номзодларни саралаш жараёнлари расмий платформалар (www.cbu.uz ҳамда @CBU_official_bot) орқали ташкил этилиб, тест синовлари ва суҳбат босқичлари белгиланган мезонлар асосида ўтказилади. Барча натижалар номзодларга белгиланган тартибда ва муддатларда эълон қилинади.
Фуқаро О. Юсупов иштирокида ўтказилган суҳбат давомида унга танлов жараёнлари, ариза топшириш тартиби ҳамда вакант лавозимларга қабул қилиш механизмлари батафсил тушунтирилган. Шунингдек, мурожаатчи томонидан коррупция ёки таъмагирлик ҳолатлари юзасидан ҳеч қандай шикоят билдирилмаганлиги қайд этилди.
Микрокредитбанк АТБ тизимида ишга қабул жараёнлари фақат очиқ танлов асосида амалга оширилишини, ҳамда барча номзодлар учун тенг имкониятлар яратилганини яна бир бор таъкидлаймиз.
Шу билан бирга, фуқароларга вакант лавозимлар бўйича маълумотларни расмий манбалар — банкнинг расмий веб-сайти ва эълон платформалари орқали кузатиб бориш тавсия этилади.
Ахборот хизмати



















