
Бугун “Микрокредитбанк” AТБ бош офисида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш” кунига бағишлаб “Очиқ ешиклар куни” тадбири ўтказилди.

Тадбирда “Микрокредитбанк” AТБ Бошқарув раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев, халқаро “CERT-International” компанияси директори Марат Хабибулин иштирок этиб, юртимизда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш, жамиятимизда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш борасидаги фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, мазкур тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ҳам қатнашиб, банкда коррупсияга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишишди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2023 йил рейтинг натижаларидан келиб чиқиб, банкимиз қизил ҳудуддан яшил ҳудудга ўтиб, якунда 84 баллга лойиқ кўрилди.

Маълумки, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247 сонли Фармони ҳамда “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 14 июндаги ПФ-154 сонли Фармони талабидан келиб чиқиб, банкда очиқликни таъминлашга масъул ходимлар рўйхати шакллантирилган ҳамда талаб эътилган маълумотлар ўз вақтида жойлаб борилмоқда.
Натижада Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2023 йил учун эълон қилган очиқлик рейтингида Микрокредитбанк фаолияти таҳлил қилинган 103 та ташкилот ичида 22 ўринда 100 баллик баҳолаш рейтинги натижаларига кўра 75.2 балл билан “яшил” тоифада эътироф этилди.

Жорий йилнинг июль ойида департамент томонидан коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини жорий этиш мақсадида ИСО 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашни бошқариш тизими - талаблар ва қўллаш бўйича кўрсатмалар” халқаро сертификатини олиш ишлари “CERT-ACADEMY” МЧЖнинг 2 босқичли аудити якунланиб, банкимиз ISO 37001:2016 халқаро сертификатига эга бўлди.
Ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда билим даражасини халқаро тажрибага мослаштириш мақсадида июль ойида 16 нафар банк ходими халқаро ISO 37301:2021 менежмент тизими бўйича малака оширди ва сертификатга эга бўлди.
Шунингдек, ходимларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича банкнинг онлайн MKB TRAINING ACADEMY ўқув платформасида “Манфаатлар тўқнашуви” тўғрисида ўқув курси жойлаштирилди. Ушбу курсда банк ходимларига манфаатлар тўқнашуви қандай юзага келиши видеоролик шаклида тушунтирилди, шу билан биргаликда мазкур Қонун билан танишиб чиқиш имконияти яратилди ҳамда викторина шаклида киритилган маълумотлар билан танишиб чиққандан сўнг ходимлар олган билим ва кўникмаларини тест синовини топшириш орқали синаб кўришди.

Махсус қўлланма асосида ишга янги қабул қилинган 293 нафар ходимга коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий оқибатлари бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди.
Aлоқа каналлари орқали департаментга фуқаролардан жами 138 та мурожаат келиб тушган (шундан: электрон почта орқали - 3 та, расмий веб-сайт орқали - 6 та, телеграм бот орқали - 10 та, ишонч телефони орқали - 119 та) бўлиб, амалдаги тартиб бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда банк ходимлари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда тадбир сўнгида дўстона суҳбатлашишди.
Банк Aхборот хизмати



















