Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Микрокредитбанк вилоят минтақавий филиали томонидан вилоят коррупцияга қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда ҳудудда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
  
Унда таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган.

Мазкур Қарор ижроси юзасидан, банкда “Коррупцияга қарши назорат” департаменти ташкил этилган.

photo_2023-11-03_11-21-51 (2).jpg

Журналистларга Бошқарувнинг 2022 йил 16 мартдаги 49-сонли “Микрокредитбанк” АТБ тизимида коррупциявий хавфларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича 2023 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ва 2022 йил 24 августдаги 167-сонли “Микрокредитбанк” АТБ Корруппцияга қарши назорат департаментининг 2023 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, устувор йўналишда амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар ҳамда унинг ижроси бўйича маълумотлар берилди. 


Шунингдек, Микрокредитбанк тизимида коррупциянинг олдини олишга қаратилган барча зарурий чораларни кўришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

- коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилиб, уларнинг ваколат ва ҳуқуқлари, шунингдек, банкнинг бошқа бўлинмалари билан биргаликдаги ҳамкорлиги ички меъёрий ҳужжатлар билан аниқ белгилаб қўйилган;
- мавжуд бўш иш ўринларига номзодларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш амалиёти жорий этилган;
- банк эҳтиёжлари учун харидлар ни шаффоф тизим орқали амалга ошириш, ушбу жараёнда коррупциявий хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш амалиётлари жорий қилинган.

Таъкидлаш керакки, банк фаолиятида коррупция ҳолатларининг юзага келиш эҳтимоли юқори бўлган кредитлаш амалиётларида, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган банк хизматларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш энг устувор вазифа қилиб белгиланган.

Бунинг учун, аввало, банк кредит портфелидаги энг катта йўналиш - оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари шаффофлигини таъминлаш ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида имтиёзли кредитларни “oilakredit.uz” ягона электрон платформаси орқали онлайн тартибда ажратиш, интеграциялашган электрон ахборот базалари қарз олувчиларни скоринг таҳлил қилиш йўлга қўйилди. 

Банкнинг янги “MAVRID” номли мобил иловаси ишга туширилиб,чакана банк хизматлари тўлиқ рақамлаштирилмоқда, бунда жисмоний шахслар учун кредитлар, коммунал ва барча давлат хизматлари учун тўловларни онлайн ўтказиш, депозит операциялари ҳамда пластик карточкалар орқали барча транзакцияларни амалга ошириш имконияти яратилган.

Кичик бизнес субъектлари ва бошқа юридик шахсларнинг кредит олиш юзасидан мурожаатларини шаффоф кўриб чиқиш мақсадида алоҳида скоринг тизими жорий этилди. Мазкур скоринг тизими қарз олувчининг молиявий ҳолати, кредит тарихи, лойиҳани амалга ошириш истиқболларини аниқ баҳолаш ҳамда кредит таваккалчилигини камайтириш имконини беради. 
Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида жорий йилда банкнинг Алоқа маркази томонидан мижозларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида мурожаатларни тизимли қайта ишлаш бўйича янги “Jira” дастури жорий этилди.

Микрокредитбанкда коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ҳамда бартараф этиш, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш борасидаги ишлар келгусида ҳам изчиллик билан давом эттирилади. 

Тадбир давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. 

Банк Ахборот хизмати