
Бугун Миллий матбуот марказида “Микрокредитбанкда 2025 йил давомида коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар“ юзасидан банк Ахборот хизмати раҳбари Сарвар Очилов иштирокида навбатдаги брифинг ташкил этилди.
Унда, Микрокредитбанк тизимида коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган махсус таркибий тузилма фаолияти, банкда коррупция иллатларини олдини олиш ва профилактика қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бўйича маълумотлар берилди.
Хусусан, ўтган давр мобайнида Микрокредитбанк тизимида коррупцияни олдини олиш мақсадида барча жараёнларни рақамлаштириш орқали "Инсон омили"ни камайтириш, ички регламент ва йўриқномаларни қатъий жорий этиш, ходимларни ротация қилиш, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни жорий этиш, ходимлар учун одоб ва аҳлоқ кодексига риоя қилиш чоралари кўрилди.
2025 йил давомида банкда коррупцияга қарши ички назорат тизими такомиллаштирилди. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича мавжуд 16 та ички сиёсат ва тартиб-таомиллар қайта кўриб чиқилиб, шундан 7 таси янги таҳрирда ишлаб чиқилди.
Банк бош офиси ва ҳудудий бошқармаларида комплаенс-назорат тизими кучайтирилиб, банкнинг худудий бошқармаларида коррупцияга қарши назорат бўйича янги штат бирликлари ташкил этилди.
Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш бўйича ҳар йил якуни буйича ва янги ишга қабул қилинаётган ходимлар томонидан декларация топшириш амалиёти жорий қилиниб, барча ходимлар томонидан декларациялар тақдим этилиши таъминланди.
Хавф-хатарларни баҳолаш бўйича ҳисобот даврида маълумотлар “Е-Антиcор” электрон платформасига юкланиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини қабул қилиш бўйича 6 та алоқа каналлари шу жумладан, “Ишонч телефони”, махсус электрон почта, телеграм канали, Фейсбук, банкнинг расмий веб-сайти ва “Маврид” мобиль иловаси орқали мурожаатларни қабул қилиш имконияти яратилди.
Мазкур алоқа каналларини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш мақсадида эълон тахтачалари, алоқа каналлари бўйича маълумотлар стенди ва буклетлар ҳамда мижозлар учун коррупцияга қарши курашишга ундовчи муҳутни яратиш ҳамда ходимларни коррупцияга қўл урмаслигига ундовчи тарқатма материаллар, ўқув қўлланмалар ва буклетлар чоп этилиб мижозларга қулай жойларга жойлаштирилди.
2025 йил давомида ушбу алоқа каналлари орқали келиб тушган жами 202 та мурожаат ўрганилиб, 7 таси бўйича тегишли таъсир чоралари кўрилди.
Коррупциянинг олдини олишда профилактика муҳим аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, банкнинг Бош офиси, ҳудудий бўлинмаларининг ходимлари иштирокида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 66 марта семинар тренинглар ташкил этилиб, ходимларнинг соҳадаги билим ва кўникмалари оширилди.
Барча ходимларнинг билим ва кўнималарини таҳлил қилиш мақсадида 2000 нафар ходимлар тест синовларидан ўтказилди.
Бундан ташқари, банкда коррупцияга қарши кураш доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида банкда ҳар ойнинг иккинчи чоршанбаси “Корупцияга қарши курашиш куни” деб эълон қилинди.
2025 йилнинг август ойида ўтказилган халқаро кузатув аудити натижаларига кўра, банк фаолияти ижобий баҳоланиб,
коррупцияга қарши курашиш тизими фаолияти бўйича ИСО 37001:2016 халқаро сертификати қайта тасдиқланди.
Микрокредитбанкнниг 2025 йилдаги коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича иш фаолияти самарадорлиги рейтинги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “яхши” натижа билан баҳоланди.
Хулоса қилиб айтганда, ўтган 2025 йил давомида Микрокредитбанк тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган комплекс ва тизимли ишлар натижасида банк фаолиятининг шаффофлиги, қонунийлиги таъминланиб, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга эришилди.
Ахборот хизмати



















