
Жорий йилнинг 18-21 май кунлари “Микрокредитбанк” АТБда коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ISO 37001:2025 халқаро стандарти талаблари асосида 4 кунлик ўқув семинари ташкил этилди.

Машғулотлар бош офис ва ҳудудий бошқамалардан келган тингловчилар учун олий тоифали халқаро аудитор Миршоҳид Мирзаомонов томонидан олиб борилмоқда.

Семинарлар давомида иштирокчиларга ISO 37001:2025га мувофиқ коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг асосий тамойиллари, халқаро стандарт талаблари, коррупсион хавфларни аниқлаш ва баҳолаш, коррупция таваккалининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш маданияти бўйича олиб борилаётган тизимдаги янгиликлар, ички назорат механизмларини кучайтириш ҳамда ходимларнинг масъулиятини ошириш бўйича батафсил маълумотлар берилмоқда.


Шунингдек, семинар жараёнида амалий машғулотлар, интерактив муҳокамалар ва реал вазиятлар асосида таҳлиллар ўтказилиб, тизимни банк фаолиятига самарали жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Таъкидлаш керакки, ISO 37001:2025 халқаро стандарти коррупциянинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда ташкилотларда ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бундай ўқув семинарлари банк тизимида коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш, ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва халқаро стандартларга мос бошқарув тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Банк Ахборот хизмати


















