
Микрокредитбанкда янги “Бизнес-режа” ижросини назорат қилиш модули муҳокама қилинди
Хабарингиз бор, “Микрокредитбанк” АТБ томонидан “Фидо бизнес” МЧЖ билан ҳамкорликда ИАБС дастурида “Бизнес-режа” ижросини назорат қилиш модули банклар орасида биринчи бўлиб ишга туширилган эди.
1 ойдан буён тест режимида ишлаётган мазкур модуль билан банкнинг барча ҳудудий бошқармалари ва Бош офис ходимлари таништирилди.
Мазкур модуль банкда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида банкнинг бизнес-режа кўрсаткичлари ижросини реал вақт режимида мониторинг қилиш, таҳлил этиш ҳамда назорат жараёнларини автоматлаштириш имконини беради. Тизим орқали ҳудудий бўлинма ва таркибий бўлинмалар кесимида белгиланган режалар ижроси, кўрсаткичларнинг бажарилиш даражаси ҳамда мавжуд ҳолат юзасидан тезкор маълумотлар олиш мумкин.
Тақдимотда бундай рақамлаштириш банкда ҳар бир бўлинма ва ҳудудий бошқарманинг ўз бизнес режасини тизимда шакллантириб, уни кузатиб бориш имкониятини яратиши борасида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, барча жараёнлар ягона платформа орқали бошқарилиб, Банкнинг “Бизнес-режа” ижроси кунлик Режа/Факт асосида назорат қилиниши алоҳида таъкидланди.
Тақдимот давомида ходимларнинг таклифлари ҳам тингланди ва модулнинг банк учун имкониятлари, қулайликларини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Таъкидланишича, ушбу модуль банк фаолиятида шаффофликни таъминлаш, ички назорат тизимини кучайтириш ва бизнес жараёнларини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.


















