
“Янги Ўзбекистонда бутун халқимиз қатори хотин-қизларимиз учун ҳам муносиб шароитларни яратиб бериш – энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади” - деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Бугун аёллар халқаро бозорларга чиқишдан қўрқмаяпти. Чунки улар хоҳ кичик бизнес эгаси бўлсин, хоҳ йирик тадбиркор, шароит ва имкониятлар бирдек яратилмоқда. Бизнесини бошламоқчи бўлса, “Бизнесга биринчи қадам учун кўмак”, тадбиркорлигини кенгайтирмоқчи бўлса, имтиёзли шартлардаги кредит маблағлари ажратилмоқда. Фаолият юритиш учун бино, маҳсулотларни сотиш учун жой ва бозорни ҳам топиб беришга банк ходимлари кўмакчи бўлмоқда.

Жумладан, Микрокредитбанк томонидан ҳам ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, маҳаллаларда янги бизнес ғояларига эга хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳар томонлама кўмак берилмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудлари каби Фарғона вилоятида ҳам хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали, уларнинг даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аёллар бандлигини таъминлашга эришилмоқда.
“Бобошбек” енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва логистика маркази Микрокредитбанкнинг энг йирик ва уникал лойиҳаларидан бири. Лойиҳа қиймати 250 миллиард сўмни, майдони эса 15 гектарни ташкил етади. Aжратилган ер майдонининг 9,2 гектарида ишлаб чиқариш ва 3,8 гектарида савдо комплекслари ташкил этилган. Мазкур марказнинг ишга туширилиши Ҳамидахон Aкбарова каби фаол тадбиркор аёлларнинг самарали фаолият олиб бориши учун энг катта имконият бўлди, дейиш мумкин.

Учкўприк туманида фаолият олиб бораётган Ҳамидахон Aкбарова бошчилигидаги тикувчилик корхонасининг ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бу ерда айни пайтда 20 турдан ортиқ болалар кийимлари ишлаб чиқарилиб, ҳам маҳаллий бозорга, ҳам экспортга йўналтирилмоқда.
Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур лойиҳанинг қиймати 2,5 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 1 миллиард 304.0 млн сўми тадбиркорнинг ўз маблағлари асосида, 1 миллиард 196 миллион сўми банк кредити ҳисобидан амалга оширилган.
“Ўзим 20 йилдан буён тикувчилик ҳунари билан шуғулланиб келаман. Илгари ўз уйимда фаолият олиб борар эдим. Кейинчалик ишимни кенгайтиришни мақсад қилиб, қўшимча тикув дастгоҳлари харид қилиб, 3 та тикув машинаси билан фаолиятимни давом эттира бошладим. “Излаган имкон топар”, деганлари шу бўлса керак, Президентимиз томонидан хотин-қизларга берилаётган имконият ва имтиёзлар, қолаверса, Микрокредитбанкнинг молиявий кўмаги билан бугунги кунда катта тадбиркорга айландим. 20 турдан ортиқ болалар кийимларини тикамиз, 35 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаганман. Бир кунда 2000 та маҳсулот ишлаб чиқарамиз, Уларнинг 1000 таси ички маҳаллий бозорга, 1000 таси экспортга йўналтирилган. Aсосан, Туркия Озарбайжон, Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қиляпмиз. Мақсадим, фаолиятимизни янада кенгайтириш”,- дейди Ҳамида опа биз билан суҳбатда.
Микрокредитбанк томонидан жорий йилнинг 20 ноябрь ҳолатида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида Республика бўйича жами 70 минг нафардан ортиқ хотин-қизларга тадбиркорлиги учун имтиёзли шартларда 1 триллиондан ортиқ кредитлар ажратилган. Шундан Фарғона вилояти бўйича 5230 нафар хотин-қизлар тадбиркорлиги учун 73 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли шартларда кредит маблағлари йўналтирилган. Бунинг натижасида 5230 нафар янги иш ўринлари яратилган.
Дарҳақиқат, хотин-қизларимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш – давлатимизнинг энг устувор вазифаси этиб белгиланган экан, бу борада Микрокредитбанк фаол иштирок этишдан тўхтамайди.
Банк Aхборот хизмати

















