
Жорий йилнинг 27–28-май кунлари Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги Мираки маданият-сайёҳлик марказида “Иқтисодий ривожланиш ва рақобатбардошликни оширишда кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш” мавзусида халқаро конференсия бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги, кичик ва ўрта бизнес субектлари, молиявий институтлар, халқаро ташкилотлар, ривожланиш бўйича ҳамкорлар Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва қатор илмий муассасалар, тадқиқот марказлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференсиянинг асосий мақсади — Ўзбекистоннинг 2025–2030-йилларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегиясини расман тақдим этиш, манфаатдор томонларни ушбу стратегияни амалга оширишга фаол жалб қилиш ҳамда ҳамкорликни кучайтиришдан иборат бўлди.

Мазкур анжуман микро, кичик ва ўрта бизнес секторини ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсишга эришишни кўзлаган кенг қамровли ташаббус сифатида эʼтироф этилди.
Аҳамиятлиси, конференсияда “Микрокредитбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова ҳам иштирок этди.

Шаҳло Ибрагимова ўз нутқида “Микрокредитбанк” АТБ томонидан кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аёлларни тадбиркорликка фаол жалб қилиш борасида эришилган натижалар ҳақида маʼлумот берди. Шунингдек, банкнинг инновацион кредит маҳсулотлари, консалтинг хизматлари ва таʼлим дастурлари орқали маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этаётганини таʼкидлаб ўтдилар.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, халқаро молиявий институтлар ва ривожланиш агентликлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган стратегиянинг мақсадлари, устувор йўналишлари ва амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди. Айниқса, билим алмашиш, илғор амалиётларни жорий этиш, кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини кенгайтириш масалалари асосий эʼтиборда бўлди.
Халқаро анжуман якунида стратегияни амалга оширишда иштирокчиларнинг роли, ҳамкорлик механизмлари ҳамда муҳим ташаббусларни амалга ошириш бўйича келгуси режалар белгилаб олинди.
Банк Ахборот хизмати



















