Бугун “Микрокредитбанк” ва Тошкент Кимё халқаро университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум доирасида махсус танлов асосида юқори натижа кўрсатган 10 нафар талабага уларнинг академик кўрсаткичлари ва натижаларига мувофиқ контракт тўловларини қоплаш шаклида молиявий кўмак кўрсатилади.
Шунингдек, талабалар ўз қизиқишлари, билим ва салоҳиятларидан келиб чиқиб, “Микрокредитбанк”да амалиёт ва стажировка ўташ имкониятига эга бўладилар. Келгусида эса улар банк тизимида фаолият юритиш учун ишга таклиф этилиши мумкин.
Ушбу ташаббус Юртбошимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, таълим ва бандлик имкониятларини кенгайтириш бўйича берилган топшириқлар доирасида амалга оширилмоқда.
Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад — иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ривожланишига кўмаклашиш ҳамда таълим муассасаси ва банк тизими ўртасидаги амалий алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Мазкур меморандум ёшлар учун янги имкониятлар яратиб, уларнинг келажакдаги касбий фаолиятига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Банк Ахбоот хизмати



















