
Байрам арафасида банк ходимларининг кайфиятини кўтариш орқали иш самарадорлигини ошириш мақсадида Банк томонидан Янги йил арафасида қизиқарли тадбир ташкил этилди. Эътиборлиси, мазкур тадбир бу сафар банк ходимларининг фарзандлари учун аталди.

Янги йил — нафақат болаларнинг балки биз катталарнинг ҳам севимли ва орзиқиб кутадиган байрамимиз ҳисобланади.
Бу байрам йилнинг якуни бўлгани учун ҳам ўтган йил давомидаги ҳаётимиз сарҳисоб қилинадиган палла. Нималарга эришдик, нималарни йўқотдик.

Қандай ўтказганимиздан қатъий назар барибир, Янги йил барчамизга қувонч улашади.
Микрокредитбанкда Янги йил байрами бу йил ўзгача кайфиятда бошланмоқда. Байрамона безатилган Бош офис биноси барча ходимлар қалбига илиқлик ва хуш кайфият улашмоқда. Ҳамкасбларимизнинг чеҳрасидаги қувончни, кўзларидаги самимиятни илғаб олиш қийин эмас шу кунларда. Гўёки ўтаётган йилдан мамнундек уларнинг барчаси.

Aйниқса, куни кеча ташкил этилган байрам дастуридан сўнг янада хушкайфият эгаллади қалбларини. Сабаби банк Бош офисида ходимларнинг фарзандлари учун эсда қоларли Янги йил тадбири ташкил этилди ва 150 нафар жажжи банкирлар бир жойга “жам бўлди”.

Тадбир доирасида болажонлар учун сеҳрли Янги йил муҳити яратилиб, улар учун турли қувноқ ўйинлар, ижодий дастурлар ва совғалар тайёрланди. Байрамда Қорбобо ва Қорқизнинг қизиқарли чиқишлари болаларга чексиз завқ бағишлади. Бу байрам нафақат болажонларга, балки банкимизда фаолият юритаётган ота-оналарга ҳам чексиз қувонч бағишлади ва уларни ҳам болаликнинг сеҳрли оламига етаклади.

Шунингдек, болажонлар учун Микрокредитбанк биноси бўйлаб қизиқарли саёҳат уюштирилди. Улар ота-оналарининг қандай иш фаолияти олиб боришларига гувоҳ бўлишди. Ўзларини бўлажак банкирлар сифатида кашф этишди. Саёҳат давомида болаларга молиявий саводхонликка оид қизиқарли маълумотлар тақдим этилиб, савол-жавоблар ҳам ўтказилди.

Тадбир якунида кичкинтойлар учун байрам дастурхони ташкил этилиб, эсдалик совғалари топширилди. Болажонларимиз юзидаги самимий қувонч эса Янги йил совғаси қанчалик қадрли бўлганини яна бир бор тасдиқлади. Ота-оналар эса банк Раҳбариятининг бундай эътибори ва ходимлар учун яратилган шароитлардан хурсанд бўлишди.


МКБAНК доимо ўз жамоаси ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашга тайёр.
Банк Aхборот хизмати

















