Давлатимиз раҳбарининг аёллар тадбиркорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор қарор ва фармонларидан илҳомланиб, ўз туманидаги  “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган уй бекалари учун тикувчилик цехини очган Наргиза Эшдавлатованинг амалга ошираётган ишлари аёлнинг ишбилармон бўлиши нафақат оиласи, балки жамият ривожи учун ҳам қанчалик муҳим роль ўйнашини исботлайди. 

Қамашилик тадбиркор Наргиза Эшдавлатова 2020 йил март ойидан ўз фаолиятини тикувчиликдан бошлади ва тезда бу соҳанинг бутун сир-асрорларини пухта ўрганиб, фаолиятини кенгайтиришга киришди. 

Аввал бошда келин либослари, турли ётоқхона чойшаблари ва буюртмага кўра аёллар тўй либосларини тикишни йўлга қўйди. Кейинчалик Қамаши туманида фаолият юритаётган “Имона Фаҳриддиновна” оилавий корхонасига асос солди. Ушбу оилавий корхонада қишки ва ёзги кўрпалар, ётоқхона чойшаблари, дастурхон, қўл сочиқ ва биссер билан безатилган келин кўйлаклари каби 10 дан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 

Мамлакатимизда олиб борилаётган янгиликлар, ўзгаришларни кўриб, бундай ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшиш истагида ёнган илғор тадбиркор Наргиза Эшдавлатова ўз туманида келин либослари салонини очди. У ерда келин кўйлакларини ижарага бериб, ҳозирда хотин-қизларга турли хизматларни ҳам кўрсатиб келмоқда.

Бугунга келиб Наргиза шдавлатова Касби, Қамаши ва Чироқчи туманларидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида кооперация асосида замонавий каштачилик-биссерчиликни йўлга қўйиб, 500 нафардан ортиқ ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлади. Натижада Биссерчилик кооперациясига аъзо бўлиш истагидаги хотин-қизлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Қувонарлиси, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат ички бозор, балки қўшни Қозоғистонга ҳам экспорт қилинмоқда. 

Меҳнатлари бесамар кетмаётган Наргиза Эшдавлатова ЎзЛиДеП ташаббуси билан ташкил этилган “Ишбилармон аёл” кўрик танловининг туман, вилоят босқичи ҳамда “Ишбилармон аёл-2021” кўрик танловининг республика босқичи ғолиби деб эътироф этилди.

2021 йил 20-23 сентябр кунлари Бишкек шаҳрида “Қирғизистон-Ўзбекистон тадбиркор аёллар мулоқоти” бизнес-форумида иштирок этиб, юртимиз аёлларининг қанчалик оқила ва тадбиркорлигини исботлади.

2022 йилда эса Наргиза Эшдавлатова Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги эсдалик нишони билан тақдирланди.

Сўзимиз якунида Президентимизнинг доимо хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган ташаббуслари бугун минглаб нозик жинс вакилаларининг қалбида ишонч, шижоат ҳамда миннатдорлик туйғуларини уйғотмоқда, десак адашмаган бўламиз.

Маълумот учун: МКБАНК томонидан 2022 йилда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида жами 81 626 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 2 трлн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит мабълаглари ажратилган.

Банк Ахборот хизмати