
Бугунги рақамли трансформация жараёнида банк хизматларининг қулайлиги ва самарадорлиги муҳим ўрин тутади. Ана шундай янгиликлардан бири сифатида омонат карталарининг жорий этилишини алоҳида таʼкидлаш мумкин. Бу ташаббус тижорат банклари орасида биринчилардан бўлиб, Микрокредитбанк фаолиятида янги босқични бошлаб бериши, мижозларга эса янада қулай ва тезкор хизматларни тақдим этишга йўл очиши кутилмоқда.
Омонат картаси — бу анʼанавий омонат дафтарчаси ўрнини босувчи, рақамли шаклдаги замонавий карта бўлиб, УЗCАРД тизими орқали амалга оширилади. Эндиликда мижозлар банкка бориб-келиш, қоғозли дафтарчаларни сақлаш, фоизларни ҳисоблаш учун навбатда туриш каби анʼанавий ва ноқулай жараёнлардан халос бўлади.
Омонат картанинг афзалликлари кўп. Асосийси, мижоз омонат дафтарчасидан фойдаланишга ҳожат қолмайди. Бу эса банкда қоғоз ва принтер харажатларини қисқартиради.
Мижозлар банкнинг “Маврид” мобил иловасига уланиб, барча амалиётларни масофадан туриб бажариши мумкин. Банк ходимлари ҳар ой мижоз фоизларини қоғозга ёзиб беришдан халос бўлади. Бу ходимлар вақтини тежайди. Вақт тежалиши натижасида кўпроқ мижозларга тезкор хизмат кўрсатиш ва банк маҳсулотларини кенгроқ таклиф этиш имкони пайдо бўлади. Мижозлар ўз омонат маблағларини тўлиқ ёки қисман, исталган вақтда, омонат карта орқали қайтариб олиш имкониятига эга бўлади. Бундай инновациялар мижозларни рақамли молиявий маҳсулотлардан фойдаланишга ўргатади.
Омонат карталарининг жорий қилиниши — бу нафақат технологик ютуқ, балки банк тизимидаги мижозга йўналтирилган ёндашувнинг амалий ифодасидир. Янги форматдаги хизмат кўрсатиш орқали банклар нафақат иш самарадорлигини оширади, балки рақобатбардошлигини ҳам мустаҳкамлайди.
Банк Ахборот хизмати


















