Юртимизда одамларнинг турмуш тарзи, фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиш борасида берилаётган имконият ва имтиёзлар чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилаларгача кириб боряптими? Бу борада Микрокредитбанкнинг роли нимада? Мавзуни Тошкент вилояти Паркент тумани мисолида давом эттирамиз...
35.png
Тумандаги Самаробод маҳалласида истиқомат қилувчи Махфуза Баротованинг асли касби тарбиячи. У 20 йилдан ортиқ вақт давомида мактабгача таълим ташкилотида ишлаган. Кейинчалик у фаолият олиб борган болалар боғчаси таъмирланиши ортидан иш фаолияти тўхтатилади ва Махфуза опа ҳам ишсиз қолади. Узоқ йиллик меҳнатлар натижаси, болажонларга бўлган меҳри, ўз касбига садоқати Махфуза опада янги ғоялар, янги ташаббуслар яратишга туртки бўлади. Асосийси, у ишсиз қолгани учун тушкунликка тушмади, аксинча, ўз уйида болалар боғчаси ташкил қилиш режасини тузади. Соҳада узоқ йиллик тажрибадан олинган билимлар туфайли ишлари сон кечади. Махфуза опа дастлаб ўзи яшаб турган хонадонида уй боғчаси ташкил қилади. 
1-_45_.png
“Маҳаллада мени яхши билишар эди, ота-оналар менга ишонарди. Шу боисми, уй боғчамизга талаб ошди. Дастлаб 25 нафар болажонни қабул қилдик. Кейин ўғилларим ёрдамида янгидан уй-боғчаси учун мўлжалланган бино қуриб, 75 ўринли болалар боғчаси ташкил этдик. Албатта, бундай натижалар ўз-ўзидан бўлмади. Аввало, Президентимиз томонидан хотин-қизларга бўлган эътибор, шу билан бирга «Микрокредитбанк» АТБ томонидан имтиёзли кредитларнинг ажратилиши фаолиятимизни янада кенгайтиришда туртки бўлди. Дастлаб 33 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредит олиб, хоналарни жиҳозладик. Кредитларимизни ўз вақтида сўндирганимиздан сўнг яна 100 миллион сўм миқдорда кредит олиб қўшимча жиҳозлар харид қилдик. Бугунги кунда боғчамиз тўлиқ қувватда фаолият олиб бормоқда. Ойлик даромадимиз 20 миллион сўмга яқинни ташкил этади. Кредит тўловлари, коммунал хизматлар учун харажатлар, ойлик маошлари ва боғча учун харажатлардан ташқари оладиган соф фойдамиз бу. Махфуза опанинг келгусидаги режалари ҳам катта. Айни пайтда болалар боғчасини янада кенгайтириш учун қўшимча бино қуриш ишлари олиб борилмоқда. «Йил якунига қадар ўринлар сонини 100 нафарга етказмоқчимиз», — дейди у биз билан суҳбатда.  
Паркент туманидаги Бўстон маҳалласида мўъжазгина бир манзил бор. Бу ерда мазали ўзбек ва қозоқ миллий таомлари тайёрланади. Умумий овқатланиш шохобчасини Юлдуз Қаюмова бошқаради. Бу ернинг ўзига хослиги унинг табиатида. Овқатланиш учун келувчи мижозларга махсус ўтовлар ҳозирланган. 
2-_43_.png
- Айнан мана шу ўтовлар «Микрокредитбанк» АТБнинг имтиёзли кредитлари эвазига харид қилинган, — дея суҳбатни бошлади Юлдуз опа. — Дастлаб фаолиятимни уйда пишириқлар пишириб, дўконларга етказиб беришдан бошлаганман. Ёшлигимданоқ «пишир-тушир»га иштиёқим юқори бўлгани боис, мен тайёрлаган таомлар ва ширинликларнинг доимо харидори бўларди. Бир марта харид қилишдими, албатта, яна буюртма беришарди. Қўлим ширинда (кулади). Кейинчалик турмуш ўртоғимнинг ёрдами билан кичкина дўконимизни ташкил қилдик. Мана, ҳозир бир кунда 100-150 нафар мижозга хизмат кўрсатишга мўлжалланган овқатланиш шохобчасига эгамиз. Ўзим бош ошпазман, шу билан бирга раҳбари ҳам ўзим. Фаолиятимизни кенгайтиришда банк ходимларининг ҳиссаси катта. Доимо хабар олишади, «Опа, муаммолар йўқми?» деб сўраб туришади. Эндиликда фаолият туримизни кенгайтириш ниятидамиз. Масалан, ҳозир, мижозлар учун таклиф этиладиган қимиз, қурут, қази каби маҳсулотларни харид қиламиз. Чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш орқали ана шу маҳсулотларни ўзимиз етиштиришни мақсад қилганмиз. Бу борада яна МКБАНК хизматларидан фойдаланишни режалаштиряпмиз”. 
3-_42_.png
Бугун тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизлар, бизнесга биринчи қадам қўйганлар, ёки фаолиятини кенгайтириш истагида бўлган опа-сингилларимиз учун барча шароит ва имкониятлар етарли. Фақатгина хохиш, ирода, қатъият бўлса, кифоя. Ўз бизнесини ривожлантириш орқали оиласига даромад келтириб, фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўша олади. Молявий жиҳатдан эркин ва мустақил бўлиш шиддат билан ривожланаётган бугунги кун аёли учун муҳим. 
Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тадбиркор аёллар сафини кенгайтириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар, қўшимча имкониятлар яратиб бериш мақсадида «Микрокредитбанк» АТБ томонидан тегишли дастурлар асосида йил якунига қадар  2 триллион 207 миллиард сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу кредит маблағлари ишсиз ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 27 минг нафарга яқин хотин-қизнинг лойиҳалари учун йўналтирилади. «Микрокредитбанк» АТБ томонидан ташаббускор хотин-қизларнинг ғоялари доимо қўллаб-қувватланади.
                                                                                                                            Банк Ахборот хизмати