
Паррандачилик чорвачиликнинг сердаромад тармоғи бўлиб, бу орқали халқимизга кўплаб сифатли парҳез таом – тухум ва парранда гўшти етказиб бериши билан аҳамиятлидир. Парранда гўшти тез ҳазм бўлиш хусусиятига кўра, чорва моллари гўштидан устун туради, таркиби ҳар хил кимёвий элементларга бой.

Паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда улкан аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига катта ҳисса қўшади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар яратилаётгани диққатга сазовор.
Айтиш жоизки, “Микрокредитбанк” АТБнинг паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштиришда масъул этиб белгиланиши ҳам соҳанинг ривожига хизмат қилмоқда.
Жумладан, “Микрокредитбанк” АТБ томонидан тақдим этилган кредит ҳисобига Хива тумани Бўстон маҳалласидан жойлашган “Дониёрбек Салаев” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган паррандачилик лойиҳаси ҳам ана шундай ишлардан ҳисобланади.
Қувонарлиси, “Дониёрбек Салаев” МЧЖ бугун маҳаллий бозорда сифатли парранда гўшти таклифини кенгайтириш билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни жорий этгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Микрокредитбанк томонидан ажратилган 1,1 млрд. сўмлик имтиёзли кредит ҳисобига корхонада бугун бройлер жўжаларини саноат усулида парваришлаш, автоматлашган озиқлантириш ва назорат тизимларидан фойдаланган ҳолда тайёр гўшт маҳсулотларини ички бозорларга етказиб бериш йўлга қўйилди.

Йилига 225 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 7 та доимий иш ўрни яратилган бўлиб, уларнинг 6 нафари хотин-қизлардир.
Таъкидлаш жоизки, Микрокредитбанк томонидан паррандачилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги икки йилда республика бўйича жами 330 та хўжаликларга 1,2 трлн. сўм кредит ажратилган бўлиб, ушбу кредитларнинг 102,5 млрд. сўми янгидан ташкил этилган лойиҳаларга, 87,6 млрд. сўми кам қувватда ишлаётган паррандачилик хўжаликларига йўналтирилди.
Натижада, мазкур корхоналарда ишлаб чиқариш қувватлари тикланишига ва янги қувватлар яратилишига эришилиб, уларнинг парранда боқиш қувватлари 49 фоиздан 91 фоизга етказилди. 2025 йил якунига қадар паррандачилик йўналишидаги корхоналарнинг қиймати 1,5 трлн. сўмлик 32 та лойиҳаларига 595 млрд. сўм кредит ажратилиши режалаштирилган.

Бу каби лойиҳалар нафақат аҳолини арзон ва сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлайди, балки қишлоқ жойларда иқтисодий фаоллик ва бандлик даражасини оширишга ҳам хизмат қилади. Шунингдек, банк томонидан паррандачилик йўналишида лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Банк Ахборот хизмати



















