
Жадидлар ким бўлганини тушуниб олиш учун ўша давр тарихини жуда яхши билиш зарур. Жадидчилик ХИХ аср охири – ХХ аср бошида пайдо бўлди. Жадидлар – ёшлар, жадидчилик - ёшлар ҳаракати эди. Маълумотларга кўра, машҳур жадид ва ёшларнинг севимли ёзувчиси Чўлпон 1910-йилда 13 ёшда, Беҳбудийнинг ёши эса 30 дан ошиқроқ бўлган экан.

Жадидчиликнинг ўзига хослиги нимада? Энг аввало, уларнинг ақл-заковати фавқулодда юксак ривожланган, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб маданияти ҳақида муайян билимга эга бўлган. Деярли барчаси олий диний таълим олиб, Навоий, Жомий, Фузулий шеърияти, ўрта асрларда яратилган фалсафий рисолаларни ўқиб ва уқиб, бу билимини ҳам Шарқ, ҳам Ғарб маданияти ютуқлари билан бойитган. Aйни ҳол жадидларнинг фалсафий дунёқарашини белгилаб берган ва бу таълим соҳасини, умуман олганда, маърифатни ислоҳ қилиш борасидаги фаолиятида акс этган.

Микрокредитбанкда ташкил этилган “Жадидчилик ва жадид адабиёти” мавзусидаги ижодий учрашувда ана шу мавзуда сўз борди. Тадбирда Банк Бошқарув раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова ва банк ходимлари иштирок этди.


Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев томонидан жадидчилик ҳаракати, уларнинг ғоялари, мақсадлари, тараққиёт, маърифатга қўшган ҳиссаси ҳақида фикр юритилди.

Таъкидланишича, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли – билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар.
Улар шу йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очдилар. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этдилар. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбордилар.
Бир сўз билан айтганда, улар миллий уйғониш, миллий тараққиёт ғоясини рўёбга чиқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этганлар. Микрокредитбанк ходимлари мазкур ижодий учрашувда ўзларига керакли билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Банк ахборот хизмати



















