Бугун Ёшлар пресс клубида “Микрокредитбанк” AТБ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ташкиллаштирилган “ИМКОНИЯТ” лойиҳасининг 70 нафар ғолибини тақдирлаш ҳамда уларга пул мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.

"ИМКОНИЯТ" Ўзбекистон бўйлаб хусусий таълим бизнесини бошлаётган 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган барча ёшлар ва ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш лойиҳасидир.

Дастлабки босқичда келиб тушган 1630 та лойиҳа ичидан 483 таси иккинчи босқичга ўтди. Мазкур босқичдан сўнг эса яна 150 та лойиҳа саралаб олинди ва муваффақиятга эришган тадбиркорлар иштирокида ташкил этилган онлайн дарсларга тавсия этилди.

Танлов якунига кўра эса берилган вазифаларни баҳолаш натижаларига кўра ҳар бир вилоят кесимида 5 тадан, Қорақалпоғистондан 10 та, жами 70 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Эндиликда мазкур лойиҳаларга 6 ойлик имтиёзли даври билан 3 йил муддатга 50 млн. сўмгача маблағ ажратилади. Лойиҳаларни танлашда бизнес-режа бўйича амалга оширилган ишлар, жамоа, таълим бизнесининг мақсадлари, ҳаётийлиги, ҳудуди ва бошқа шу каби амалий жараёнларга эътибор қаратилди.