
Юртимиздаги тижорат банклари бугун нафақат кредит ажратувчи ёки банк хизматларини кўрсатувчи молиявий муассаса, балки одамларнинг оғирини енгил қилувчи, яқиндан ёрдам берувчи ва ишончли маслаҳатчига ҳам айланмоқда. Зотан, бу давр талаби. Чунки аҳоли, яъни мижозлар билан яқин ҳамкорлик қилмасдан, бу борада уларни қийнаётган масалаларга ечим топмасдан туриб, ижобий натижага эришиш қийин.
Айтиш жоизки, “Микрокредитбанк” актсиядорлик тижорат банк жамоаси бу борада етарлича тажрибага эга ҳамда салмоқли натижаларни қўлга киритмоқда. Натижада эса банк мижозлари сафи кенгайиб, кўрсатилаётган хизматлар сифат жиҳатдан тобора яхшиланиб бораётгани шундан далолат беради.
Мисол учун, биргина ўтган йили “Микрокредитбанк”нинг барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 5,9 трлн. сўмлик кредитлар ажратилиб, 95 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланди. Хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурига асосан, 73 мингга яқин аҳоли ва тадбиркорлик субъектига 2 048 млрд. сўмлик кредитлар берилиб, 81 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Банкимиз томонидан бу каби ишларни узвий давом эттириш, мижозларга янада қулайлик яратиш мақсадида 2022 йил 18 май куни Сурхондарё вилоят ҳудидий филиали янги ва замонавий биносининг очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда “Микрокредитбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Рустам Сулаймонов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Файзулло Маминов ҳамда вилоят фаоллари иштирок этишди.
Хусусан, 2021 йилда вилоятдаги филиаллар томонидан 52 мингдан ортиқ аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 588 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилиб, 10 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 10 мингга яқин мижозга 113,1 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, натижада 1 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Мисол учун, Музработ туманидаги "Аlpomish Servis Инвест" хусусий корхонасининг 48,2 млрд. сўмлик (банк кредити 3,5 млн. АҚШ доллари) бир марталик шприц ва бинт ишлаб чиқариш лойиҳасини молиялаштириш ҳисобига 50 та янги иш ўрни яратилди.
Мисол учун, тухум йўналишида Жарқўрғон туманида фаолият юритаётган “Парранда комплекс” МЧЖга 70 минг дона товуқ ҳамда озуқа ем маҳсулоти сотиб олиш учун 5 млрд. сўм кредит маблағи ажратилди. Корхона томонидан 70 минг дона товуқ олиб келинган. Натижада бир кунда ўртача 56 минг дона тухум олинмоқда.
Корхона ички бозордан ташқари, Афғонистон давлатига 2021 йилда 1,5 млн. дона тухум экспорт қилиши натижасида 100,0 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи келиб тушган. Жорий йилда ҳам қўшни давлатларга 5 млн. дона тухум экспорт қилиш режалаштирилган.
“Микрокредитбанк” АТБ Сурхондарё вилоятидаги филиаллари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ўтган йилда 8,5 мингдан зиёд мижозга 228,7 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида эса жами 92 829 мингдан ортиқ янги ишчи ўринлари яратишга эришилди.
Шунингдек, жорий йил биринчи чорагида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида банкнинг Сурхондарё вилояти минтақавий ва туман филиаллари томонидан 500 дан ортиқ мижозга 14,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди ҳамда 566 та янги иш ўринлари яратилди.
Умуман олганда, “Микрокредитбанк” томонидан жойлардаги филиалларини замонавий қиёфага келтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Кўзланган мақсад эса аниқ: банкнинг хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ва мижозларга қулайлик яратиш орқали мамлакатимиз тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришдир.



















