
Ижтимоий тармоқларда фуқаро томонидан “Микрокредитбанк” АТБ фаолиятига оид мурожаат тарқалиб, унда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида микрокредит олиш жараёни ҳамда 412 минг сўм миқдоридаги тўлов юзасидан айрим эътироз ва мулоҳазалар билдирилган.
Мазкур ҳолат банк томонидан атрофлича ўрганилди. Жумладан, мурожаат муаллифи билан бевосита суҳбат ўтказилди. Суҳбат давомида фуқаро банк ходимлари фаолияти юзасидан эътирози йўқлигини ҳамда ижтимоий тармоқдаги мурожаати банк ходимларининг хатти-ҳаракатларига нисбатан даъво сифатида баҳоланмаслигини маълум қилди.
Шунингдек, мурожаатда тилга олинган 412 минг сўм миқдоридаги тўлов “Микрокредитбанк” АТБ томонидан белгиланадиган ёки банк фойдасига ундириладиган тўлов эмаслигини алоҳида таъкидлаймиз. Мазкур тўлов ўзини ўзи банд қилган фуқароларга микрокредит ажратиш тартиби доирасида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган стандарт талаб ҳисобланади.
“Микрокредитбанк” АТБ томонидан микрокредитлар амалдаги қонунчилик ҳамда белгиланган мезонлар асосида, шаффоф ва холис тартибда ажратилади. Банк фаолиятида коррупцияга оид ҳар қандай ҳолатларга нисбатан муросасиз ёндашув амал қилади ҳамда бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилади.
“Микрокредитбанк” АТБ мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилади ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларни эълон қилишда фақат тасдиқланган ва ишончли фактларга таянишни сўрайди.
Банк Ахборот хизмати



















