
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорларига асосан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳунармандчилик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда қадимдан миллий қадрият сифатида ривожланиб келаётган ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ва аёлларни соҳага кенг жалб этиш орқали ушбу турдаги маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бу борада «Микрокредитбанк» АТБ томонидан «Маҳаллабай» ишлаш орқали аҳолини ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, «уста-шогирд» анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ҳамда банк кредитига эҳтиёжи бор соҳа вакилларига банк бўлинмаларимиз томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратиб келинмоқда.
Ҳар бир халқнинг ўзлигини ифодаловчи фазилат, белгиларидан бири – унинг санъатидир. Кулолчилик эса халқимиз, давлатимизни дунёга танитаётган амалий санъат турларидан бири.
Кейинги йилларда жаҳонга юз тутиб бораётган миллий ҳунармандчиликнинг кулолчилик йўналишини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим. Банк томонидан ушбу йўналишдаги тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2018-2023 йиллар давомида 565 нафар мижозга қарийиб 27 млрд. сўмга яқин имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилди. Бунинг натижасида соҳада 1000 га яқин янги иш ўринлари вужудга келди.
Бу борада риштонлик уста-кулоллар фаолияти алоҳида эътиборга молик. Буни банк кредитидан фойдаланган кулолларнинг асосий қисми, яъни 422 нафари ёки 75 фоизи айнан ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келиши ҳам исботлаб турибди.
Бугун банк томонидан Фарғона вилояти Риштон туманида банк молиявий кўмагида фаолиятини ривожлантираётган кулоллар фаолияти билан таништириш мақсадида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ўтказилди.
Журналистлар банкнинг Фарғона вилояти Риштон филиали мижози уста-кулол Суҳробжон Расулов фаолияти билан яқиндан танишишди.
Суҳробжон Расулов ҳунарманд дастлаб фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида бошлаган бўлиб, ушбу мижозга 2017 йилда банк филиали томонидан дастлаб 50 млн. сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган эди.
Кейинчалик 2018 йилда ушбу тадбиркорга 124 млн. сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилди, натижада яна иккита янги иш ўрнини яратди, тадбиркорнинг даромад манбаи янада кенгайди.
Шундан сўнг 2020 йилда ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида банкдан 446 млн. сўм имтиёзли кредит маблағи олиб, ўн нафар ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга эришди.
Ҳунарманд Суҳробжон Расулов айни пайтда оилавий корхона сифатида фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Таъкидлаш керакки, «Расулов Суҳробжон Муминович» ОК (оилавий корхона)га 2021 йилда ҳунармандчилик йўналишида 2 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилган бўлиб, ушбу кредитлар ҳисобидан Риштон туманининг «Чек-жалаер» МФЙда 106 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, корхона томонидан ишлаб чиқарилган кулолчилик маҳсулотлари қўшни давлатлар (Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа)га экспорт қилинмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида журналистлар Микрокредитбанк томонидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида қўллаб-қувватлаб келинаётган Фозилжон Эргашев, Расулжон Махсудов, Фарходжон Исломов, Шокиржон Ахмаджонов, Бахридин Деҳқонов, Илхомжон Бутабоев, Ўткиржон Усмонов, Равшан Тожидинов, Дилафруз Эргашева каби уста-кулоллар фаолияти билан ҳам яқиндан таништирилди.
Қувонарлиси, банкнинг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ўз тадбиркорлик фаолиятини кичик даромад эвазига бошлаб, ҳозирда бир неча бор имтиёзли кредит маблағларидан самарали фойдаланган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларимиз сафи кенгаймоқдаки, бу уларнинг даромад манбаини кўпайтириб, ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланишига замин яратмоқда.
Банк Ахборот хизмати