
Мамлакат иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, аёлларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 мартдаги 122-сонли «Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. «Микрокредитбанк» АТБ томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, муҳим йўналишларда чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва аниқ вазифалар белгилаб олинган.
Бугунги кунда ижтимоий дастурлар бўйича имтиёзли кредит ажратиш орқали фаолияти қўллаб-қувватланаётган оилавий тадбиркорлар сони 2024 йилнинг 1 август ҳолатида республика миқёсида 71 693 нафарни ташкил этади. Ажратилган кредит миқдори эса 1 триллион 207 миллиардга тенг. Бу рақамлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 118 миллиардга ошганини кўрсатмоқда. Банк томонидан йўналтирилган имтиёзли кредитларнинг 51 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Бунинг натижасида эса 42 минг нафарга яқин хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлашга эришилган.
Бухоро шаҳридаги «Ҳавзи Нав» маҳалласи мисолида олиб қарайдиган бўлсак, ушбу маҳаллада 1 342 нафардан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади. Улар касаначилик, ҳунармандчилик, тадбиркорлик каби 18 та йўналишида фаолият юритиб, ўз оилаларига даромад келтирмоқда. Йил бошидан буён маҳалладиги 35 нафар хотин-қизларга «Микрокредитбанк» АТБ томонидан 700 миллион сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, улар уйдан чиқмай туриб тадбиркорик ишини бошлашга эришган. Шулардан бири «Ҳавзи нав» маҳалласи, Чармгарон кўчаси 38-уйда истиқомат қилувчи Сановар Асадова. У ҳам оила аъзолари билан бирга давлатимиз томонидан берилаётган имтиёз ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, оиласининг турмуш фаровонлигини яхшилашга ҳисса қўшмоқда.
- Овсинларим билан бир ҳовлида турамиз. Биз фарзандлар тарбияси, ошхона ва уй юмушлари билан банд эдик. Ҳеч биримиз даромадли фаолият билан шуғулланмас эдик. Маҳалла ва банк ходимлари бир неча маротаба уйимизга келиб, бизнес лойиҳалар таклиф қилишди. Улар орасида тўтиқушлар парвариши ҳақидаги ғоя маъқул бўлиб, бугунги кунда мана шунинг орқасидан яхшигина даромад келяпти. Йил бошида Микрокердитбанк томонидан ажратилган имтиёзли кредитга эга бўлиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Тўтиқушларимизнинг бир жуфти 150.000 сўм. Бир ойда 30-40 жуфт тўтиқуш сота оламиз, — дейди Санобар опа Асадова биз билан суҳбатда.
Мазкур хонадонга қўшни бўлган 36-уйда яшовчи Олия Шукурова ҳам бундан икки йил олдин субсидия асосида тикув машинаси олиб фаолият бошлаган эди. Келинларининг ҳам тикиш-бичиш ишларига иштиёқи борлигини кўргач, «Микрокредитбанк» АТБдан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятини янада кенгайтирди. Қўшимча 10 нафар ишчи ўринлари яратишга эришди. Иш қизғин, буюртма кўп, ҳатто улгурмаяпмиз, дейди Олия опа.
Ушбу ҳудудда бўлганимизда ушбу маҳалланинг хотин-қизлар фаоли Нодира Болтаева бизга кун давомида ҳамроҳлик қилди. Маҳалладаги янгиланишлар, ўзгаришлар, айниқса, опа-сингиллармиз бандлиги, улар учун яратилаётган шароитлар ҳақида тўлиб-тошиб гапирди:
- Маҳалламизда 526 та хонадон бўлса, бирор хонадон йўқки, маълум бир касб ёки ҳунар тури билан шуғулланмаса, — дейди у. – Ҳатто бир хонадонда 5-6 та йўналишларда фаолият олиб бораётган тадбиркор хотин-қизларимиз мавжуд. Бугун биз маҳалламиз аёлларининг кўзларида ҳаётдан розиликни кўрамиз. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш натижасида ўзига бўлган ишончи ортди. Бу аввало, Президентимизнинг хотин-қизларга яратиб бераётган имкониятлари натижасида деб биламан.
«Микрокредитбанк» АТБ билан ҳамкорликда олиб бораётган тарғибот ишларимиз, ажратилаётган имтиёзли кредитлар натижасида хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлашга эришяпмиз. Бизнинг маҳалламизда ишсиз хотин-қиз қолмади. Энди аёлларимиз фаолиятини янада кенгайтириш, ўз маҳсулоти учун янги бозорлар топишга, янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қилишяпти. Биз, албатта, банк билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг таклиф, ташаббус, муаммо ва турли масалалардаги мурожаатларини ҳал этиш бўйича ҳамкорлигимизни давом эттирамиз.
Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тадбиркор аёллар сафини кенгайтириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар, қўшимча имкониятлар яратиб бериш мақсадида «Микрокредитбанк» АТБ томонидан тегишли дастурлар асосида йил якунига қадар 2 триллион 207 миллиард сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу кредит маблағлари ишсиз ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 27 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг лойиҳалари учун йўналтирилади.
Банк Ахборот хизмати