
Давлатимиз раҳбари ташабуси билан жамиятимиз коррупция иллатига қарши кескин кураш амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларининг юзага келишига сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг ва фуқароларимизда коррупцияга қарши хуқуқий онгини шакллантиришни янгича механизми яратилди.
Микрокредитбанк раҳбарияти томонидан ҳам коррупцияга қарши муросасиз фаолиятни шакллантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Шу мақсадда, халқаро стандартлар асосида ишлайдиган анти-коррупцион тизим жорий қилиниб, ушбу йўналишдаги ишлар изчил такомиллаштирилмоқда. Хусусан, хорижий экспертлар билан ҳамкорликда Банкнинг коррупцияга қарши курашиш Сиёсатини ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши менежмент тизимлари – фойдаланиш учун талаблар ва тавсиялар” халқаро стандарти талабларига мувофиқлаштириш мақсадида банкнинг ички ва ташқи коррупция хавф-хатарлари баҳоланиб, корруция хавфи юқори бўлган бизнес жараёнлар белгилаб олинди ва корруция энг кўп дуч келиши мумкин бўлган лавозимлар рўйхати тасдиқланди.
Ходимларда коррупцияга қарши курашиш малакасини ошириш доирасида “CERT Academy” халқаро тренинг компанияси билан ҳамкорликда банк ходимларини ISO 37001:2016 стандарти талабларини ўқитиш ишлари ташкил этилди.
Натижада, бугунги кунгача 20дан ортиқ топ-менежерлар халқаро тан олинган сертификатини қўлга киритди, йил охиригача уларнинг сонини 100 тагача етказиш режалаштирилган. Ўқув машғулотлари давомида ходимлар миллий ва халқаро қонунчилик талаблари тўғрисида батафсил маълумот олишди ва келажакда коррупцияга қарши стандартларни ўз фаолиятига тадбиқ этиш кўникмаларига эга бўлишди.
Ходимларнинг ўқитилиши банкнинг ISO 37001:2016 халқаро стандарти сертификатини олиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, банк тизмида коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабат шакллантиришда ва банк фаолиятини барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Микрокредитбанк тизимида коррупцияга қарши курашиш йўналишида яна бир эътиборга молик ишлардан бири, мижозларга хизмат кўрсатишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бу борада жамоатчилик билан самарали алоқани йўлга қўйиш мақсадида “Комплаенс ишонч линияси” ишга туширилган.
Ушбу алоқа линиялари орқали мурожаатлар 24/7 режимида фуқаролар хоҳишига кўра шахсини ошкор қилган ҳолда ёки аноним тарзда автоматик равишда қабул қилинмоқда.
Банк Ахборот Хизмати