
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-246-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятининг Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида аҳолига янада қулай хизмат кўрсатиш учун махсус кассалар фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур ташаббус аҳолининг банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, нақдсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш ҳамда молиявий хизматларнинг оммабоплигини таъминлашга хизмат қилади.
Жумладан, махсус кассалар қуйидаги манзилларда ташкил этилди:
- Олмалиқ шаҳри — Абдулла Авлоний МФЙ, Туркистон кўчаси (Оҳангарон БХОга қарашли савдо дўкони ҳудудида);
- Чирчиқ шаҳри — Манавият кўчаси, 3-“А” уй (Ғазалкент БХОга қарашли савдо дўкони ҳудудида).
Янги ташкил этилган кассалар орқали фуқаролар банк хизматларидан ўзларига қулай ҳудудларда фойдаланишлари, тўлов ва бошқа молиявий амалиётларни тезкор амалга оширишлари мумкин.
Микрокредитбанк томонидан аҳолига замонавий ва қулай молиявий хизматларни тақдим этиш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.



















