
(2026 йил 1-ярим йилликда амалга оширилган ишлар хусусида)
Бугун давлатимиз раҳбарининг ҳар бир фармон ва қарорлари, йиғилиш баёнларида давлат ва ижро органлари олдига қўйилаётган топшириқлар асосан аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаини шакллантириш, ҳудудларда камбағалликни буткул тугатишга йўналтирилган.
Айниқса, ижро натижаси бўйича аниқ ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган давлатимиз раҳбарининг ПФ-117-сонли фармони бўйича Микрокредитбанкда ҳам қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, 2025 йил 1-октабрдан бошлаб ҳар ойда ижро интизоми тўғрисидаги маълумотларни банк веб-саҳифаларига жойлаштириш, шунингдек, ҳар чоракда кенг жамоатчиликка ҳисобот бериш тартиби белгилаб қўйилди.
Бу эса банкда ижро интизомини мустаҳкамлаш ва ижро назорати механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Банкда ижро интизомининг самарадорлик кўрсаткичлари бевосита “КПИ” тизимига боғланди ва шу асосда ижро самарадорлигини баҳолаш тизимли йўлга қўйилди.
Шунингдек, топшириқлар ижросини ташкил этиш билан боғлиқ барча масалалар ҳар ҳафта жума куни Бошқарув раиси ўринбосарлари, душанба куни Бошқарув раиси ҳузурида ҳамда ҳар ойда банк Бошқарувида танқидий муҳокама қилиниб келинмоқда.
Ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида ҳисобот йилида жами 6 маротаба ўқув семинарлари ташкил қилинди. Шунингдек, ижро интизоми тўғрисидаги маълумотлар банкнинг ҳамда Адлия вазирлигининг веб-саҳифаларига жойлаштирилиб, ҳар ойда маълумотлар янгилаб борилмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида “ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон тизим орқали Микрокредитбанк зиммасига давлатимиз раҳбарининг 358 та топшириқлари ижроси юклатилган. Банкда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ушбу топшириқларнинг ижроси таъминланди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонлари ва қарорларида белгиланган топшириқлар асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 2026 йилнинг 1-ярим йиллигида жами 6,8 трлн. сўм банк кредитлари ажратилди. Жумладан, кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 5,3 трлн. сўм, шундан:
кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш доирасида 303 млрд. сўм;
оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 1,1 трлн. сўм;
“бизнесга биринчи қадам” доирасида 321,1 млрд. сўм;
“менинг маҳаллам” дастури доирасида 902,6 млрд. сўм;
инвестиция дастури доирасида 2,8 трлн. сўм;
йирик лойиҳаларга (обороти 100 млрд. сўмдан юқори) 338,7 млрд. сўм ажратилди.
Микрокредитбанк кредитлари ҳисобига апрель-июнь ойларида молиялаштирилган 51 538 та лойиҳа ишга туширилиб, 99,677 та иш ўрни яратилди. Шундан, 13 996 нафари доимий ишга жойлаштирилди ва 85 681 нафари тадбиркорликка жалб қилинди.
Мисол учун, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида “Эжрин” МЧЖнинг қиймати 9,9 млрд. сўм (банк кредити 7,4 млрд сўм) бўлган Интенсив боғ ва қуёш панели ташкил этиш ҳамда экспортни кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 30 та иш ўрни яратилди.
Бундан ташқари, банк инвестицион лойиҳалари ҳисобидан Наманган вилояти, Наманган шаҳар, Давлатобод тумани “Янги Наманган шаҳарчаси”да 3 та 16 қаватли жами 384 та хонадондан иборат турар-жой мажмуасини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар кўчасида жойлашган 420 ўринга мўлжалланган 3 қаватли ресторан, 72 ўринли ресторан, 70 м2 майдонда ҳунармандлар маркази ва 56 ўринли 28 хонадан иборат 3 қаватли меҳмонхона қуриб битказилди.
Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Чимган МФЙ, Сазбет кўчаси 192-уй манзилида қурилган 72 ўринли ресторан ва 77 та апартаментдан иборат “APART-HOTEL” мажмуаси ҳам фойдаланишга топширилди.
Бугун мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм, Фарғона, Сурхондарё, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида 10 дан ортиқ кўча ободонлаштирилиб, 24/7 режимда туну-кун ишлайдиган савдо, кўнгилочар шохобчалари ишга туширилди.
2026 йилнинг январь-июнь ойида 8 048 та микролойиҳа “Online-mahalla.uz” платформасига киритилди. Платформага киртилган 4 138 та микролойиҳа учун 207,2 млрд сўм банк кредити ажратилиб, 12 011 та иш ўрни яратилди.
Шунингдек, кам даромадли 2 379 та хонадонга 11, 8 млрд. сўмлик лойиҳа пакетлари етказиб берилиб, 4 800 нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
Микрокредитбанкка бириктирилган маҳаллаларда маҳалла банкири ва ёрдамчи агентлари томонидан январь-июнь ойида 6,8 мингта пластик карта, 333 нафар аҳолидан 37,2 млрд. сўм омонат, 7 133 нафар аҳолига 335,4 млрд. сўм кредитлар ажратилишига кўмаклашилди ва 28,2 млрд. сўмлик муаммоли кредитлар ундирилди.
Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш борасида қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ҳамда берилаётган топшириқларнинг сифатли ижросини таъминлашнинг барча чоралари кўриб борилади.
Банк Бошқаруви томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат ҳужжатлари ижроси қатъий назоратга олинган.



















