
2025 йил 19 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилояти Ғиждувон туманида бизнес муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 807-сон қарори ҳамда ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимининг 2025 йил 24 декабрдаги 648-2-0-Қ/25-сон қарори ва Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг ВИИ-21-1-2-0-Қ/26-сон қарори асосида Ғиждувон туманида кенг кўламли инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мазкур қарорларга мувофиқ туманнинг 19 та маҳалласида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида 15 сотихгача бўлган ер майдонларида замонавий “Тайёр бизнес” объектларини қуриш, уларни тадбиркорларга 10 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан реализация қилиш белгиланган.
Бугунги кунга қадар 14 та маҳалладаги ер майдонлари электрон аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, улардан 11 таси “MKB Kasana Invest Group” МЧЖ томонидан харид қилинди. Қолган 3 та ер майдони эса ҳокимлик тавсиясига асосан бошқа хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан сотиб олинди. Лойиҳаларни амалга ошириш доирасида “MKB Kasana Invest Group” МЧЖ томонидан қурилиш-пудрат ишларини бажариш учун “UMS Group” МЧЖ билан 2026 йил 29 апрель куни қиймати 107 миллиард сўмлик шартнома имзоланди. Шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича “Nest One Proekt” МЧЖ билан қиймати 2,3 миллиард сўмлик шартнома тузилди.
Айни пайтда объектларда қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Чағдари МФЙЧағдари маҳалласида қурилаётган объект 3 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 327,38 квадрат метрни ташкил этади. Лойиҳа бўйича Шаҳарсозлик-архитектура кенгашининг ижобий хулосаси олинган. Ҳужжатлар 2026 йил 22 май куни давлат экспертизасига тақдим этилган бўлиб, айни пайтда экспертиза жараёни давом этмоқда (ариза рақами – 126521). Қурилиш майдонида котлован қазиш, шағаллаш ва бетонлаштириш ишлари тўлиқ якунланди. Ҳозирда бетон конструкцияларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга ҳудуддаги электр тармоқларини кўчириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Қорахоний МФЙ
Қорахоний маҳалласида барпо этилаётган бизнес мажмуаси ҳам 3 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 522 квадрат метрни ташкил этади. Лойиҳа Шаҳарсозлик-архитектура кенгашининг ижобий хулосасини олган. Объектда котлован қазиш, шағаллаш, бирламчи бетон қуйиш ва гидроизоляция ишлари якунланган. Пойдевор тўлиқ барпо этилиб, бетон конструкциялар қисман ўрнатилди. Ҳозирда асосий устунлар ва балкаларни монтаж қилиш ишлари якунланиб, гидроизоляция ишлари бажарилди ҳамда ёнлама ригелларни ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.
Денов МФЙ
Денов маҳалласида барпо этилаётган бизнес мажмуаси 3 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 503,44 квадрат метрни ташкил этади. Лойиҳа Шаҳарсозлик-архитектура кенгашининг ижобий хулосасини олган. Қурилиш майдонида котлован қазиш ва шағаллаш ишлари якунланди. Бирламчи бетон қуйилиб, гидроизоляция ишлари бажарилди. Арматура тўрларини ўрнатиш ва асосий пойдевор қурилиши тўлиқ якунланган. Бетон конструкцияларни ўрнатиш ишлари бошланган бўлиб, бетон стаканлар ўрнатилди, парда деворлар барпо этилди ҳамда қайта тўлдириш ишлари якунига етказилди. Ҳозирда асосий бетон устунларни монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Кўшк МФЙ
Кўшк маҳалласида қурилиши режалаштирилган объект 3 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 532,8 квадрат метрни ташкил этади. Лойиҳа Шаҳарсозлик-архитектура кенгашининг ижобий хулосасини олган. Ҳозирги кунга қадар котлован қазиш, шағаллаш ва асосий пойдеворга бетон қуйиш ишлари якунланган. Бетон стаканлар ўрнатилиб, конструкциянинг асосий устунларини монтаж қилиш бошланди. Шу билан бирга парда деворлар барпо этилиб, ички ва ташқи қайта тўлдириш ишлари бажарилди. Ҳозирда ёнлама ригелларни пайвандлаш ҳамда қаватлараро ёпмаларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
Ғишти МФЙ
Ғишти маҳалласида барпо этилаётган бизнес мажмуаси 3 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 648 квадрат метрни ташкил этади. Объектда котлован қазиш ва шағаллаш ишлари якунланди. Бетонлаштириш ҳамда арматура тўрларини ўрнатиш ишлари тўлиқ бажарилиб, асосий пойдевор қурилиши якунига етказилди. Шунингдек, бинонинг асосий таянч стаканлари ва устунлари ўрнатилди, парда деворлар қурилиб, қайта тўлдириш ишлари амалга оширилди.
Ҳозирда биринчи ва иккинчи қаватлар орасидаги ёпмаларни ўрнатиш ҳамда пайвандлаш ишлари якунланган. Иккинчи ва учинчи қаватлар орасида эса ёнлама ригелларни ўрнатиш ва пайвандлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Сарвари МФЙ
Сарвари маҳалласида қурилаётган бизнес мажмуаси 3 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 497,28 квадрат метрни ташкил этади. Лойиҳа Шаҳарсозлик-архитектура кенгашининг ижобий хулосасини олган. Объектда қурилиш ишлари фаол босқичга ўтган. Котлован қазиш ва шағаллаш ишлари якунланиб, бирламчи бетон қуйиш ҳамда гидроизоляция ишлари бажарилди. Арматура тўрларини ўрнатиш ишлари тугалланиб, асосий пойдевор қурилди. Бетон стаканлар ўрнатилиб, улар орасидаги парда деворлар ва гидроизоляция ишлари якунланди. Шунингдек, асосий балкалар монтаж қилиниб, ҳудуд тўлиқ шағаллаштирилди. Ҳозирда биринчи ва иккинчи қаватлар оралиғидаги ёнлама ригелларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
Армечан МФЙ
Армечан маҳалласида бунёд этилаётган бизнес мажмуаси 3 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 687,6 квадрат метрни ташкил этади. Бугунги кунга қадар котлован қазиш ва шағаллаш ишлари якунланди. Бирламчи бетон қуйиш, гидроизоляция ҳамда арматура тўрларини ўрнатиш ишлари бажарилиб, асосий пойдевор қурилиши тугалланди. Бетон конструкцияларнинг бир қисми объектга етказилди, бетон стаканларни ўрнатиш ишлари якунланди. Ҳозирда парда деворларни қуриш, гидроизоляция қилиш ҳамда ҳудудни тўлиқ шағаллаштириш ишлари якунланган.
Оқработ МФЙ
Оқработ маҳалласида қурилиши давом этаётган бизнес мажмуаси 3 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 572,4 квадрат метрни ташкил этади. Қурилиш майдонида котлован қазиш ва шағаллаш ишлари якунланди. Бетонлаштириш ҳамда арматура тўрларини ўрнатиш ишлари тугалланди. Асосий пойдевор тўлиқ барпо этилиб, бинонинг таянч стаканлари ва устунлари ўрнатилди. Парда деворларни қуриш ишлари якунланиб, пайвандлаш ишлари олиб борилмоқда. Бетон стаканлар тўлиқ гидроизоляция қилиниб, қурилиш ҳудуди қайта тўлдириш ишлари билан якунланди.
Халқобод МФЙ
Халқобод маҳалласида қурилиши режалаштирилган бизнес мажмуаси 5 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватнинг майдони 1 022 квадрат метрни ташкил этади. Ҳозирда объектни қурилишнинг навбатдаги босқичларига тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу тариқа, Ғиждувон туманининг бир қатор маҳаллаларида амалга оширилаётган “Тайёр бизнес” лойиҳаси доирасидаги замонавий бизнес мажмуалари қурилиши белгиланган режа асосида изчил давом этмоқда. Аксарият объектларда лойиҳа ҳужжатлари бўйича экспертиза жараёнлари олиб борилаётган бўлса, қурилиш майдонларида пойдевор ишлари якунланиб, конструкцияларни монтаж қилиш босқичига ўтилган.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудудда қулай бизнес инфратузилмасини яратиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, қўшимча иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, тадбиркорларга тайёр бизнес объектларини узоқ муддатли бўлиб тўлаш шарти асосида тақдим этиш орқали уларнинг фаолиятини бошлаш учун янада қулай шароитлар яратилмоқда. Келгусида қурилиш ишлари белгиланган муддатларда якунланиб, замонавий бизнес мажмуалари фойдаланишга топширилиши натижасида Ғиждувон туманида тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ҳамда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Бу борада МКБАНК тизимидаги масъул ташкилотлар томонидан қурилиш ишлари сифатли ва белгиланган муддатларда якунланишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Банк Ахборот хизмати



















